Ўзбекистонда "жинсий қуллик"ка жўнатиш билан шуғулланган Қозоғистон фуқароси қўлга олинди

12.03.2018 | Жамият | 2628

Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот орган ходимлари фоҳишалик билан шуғулланиш учун аёлларни жўнатиш ишларини йўлга қўйишда гумонланаётган Қозоғистон фуқароси қўлга олинди, деб хабар қилди ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Хабарда айтилишича, 2018 йил 6 март куни фуқаро Г.О. Сирдарё вилояти ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда 1985 йилда туғилган фуқаро М.Ш. ва 1975 йилда туғилган Қозоғистон Республикаси фуқароси С.Н.лар уни Қозоғистон Республикаси, Остона шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланиш учун юбориб, ҳар ойда 2000 доллари пул топишини, фойдасининг 50 фоизини уларга беришини айтиб қизиқтираётганликларини маълум қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

2018 йил 9 март куни ички ишлар органи ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-тадбир натижасида Н.С. ва Ш.М.лар Қозоғистон Республикаси, Чимкент шаҳрига Сирдарё тумани, Қуёш МФЙда жойлашган "Сирдарё" чегара маскани орқали Г.О.ни шахвоний мақсадларда фойдаланиш учун юборишмоқчи бўлган вақтларида ушланганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми "е,з" бандлари (одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, жабрланувчини Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.