Тожикистонлик амалдорлар мажбурий бадантарбия қиладиган бўлди

13.03.2018 | Жаҳон | 2338

Тожикистондаги барча давлат муассасалар ва ташкилотлар ходимлари учун шанба кунлари эрталабки бадантарбия машғулотларида қатнашиш мажбурий этиб белгиланди. Бу ҳақда Тожикистон Ёшлар ва спорт масалалари бўйича қўмита раҳбари Ахтам Абдуллозода хабар қилди.

"Тожикистон президенти ижро аппарати тадбирлар режасини тасдиқлаган бўлиб, унга кўра, йил якунига қадар ҳар шанба эрталаб мамлакатнинг барча шаҳар ва туманларида эрталабки бадантарбия машғулотлари ўтказилади", — деган у.

Абдуллозоданинг сўзларига кўра, шанба кунги бадантарбия ташаббускорлари — Тожикистон президенти ижро аппаратидир.

Ўтган йилнинг январ ойидан бошлаб ҳафтада икки маротаба Тожикистон ИИВ ходимлари кросс ва сузиш машғулотлари билан шуғулланиб келишмоқда. Милиция ходимларининг спортга вақт ажратиши ҳақида буйруқ вазирлик раҳбари Рамазон Раҳимзода томонидан чиқарилган.

Ўтган ҳафта шанба куни график бўйича Тожикистон қурилиш ва архитектура қўмитаси хизматчилари бадантарбия машғулотларини бажаришга чиқишган.

Келаётган шанбада телерадиоканал давлат қўмитаси, геодезия қўмитаси, оила ва аёллар масалалари қўмитаси, шунингдек, атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ходимлари ва Педагогика университети талабалари жисмоний тарбия машқларини бажарадилар.