Генерал-майор Жўраев милиция ходимларининг асосий камчилигини айтди

13.03.2018 | Ўзбекистон | 3717

Ўзбекистон Ички ишлар вазири ўринбосари, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси раҳбари Рустам Жўраев ИИБ ва халқ ўртасида чегара борлигини тасдиқлади. Жўраев бу ҳақда 9 март куни бўлиб ўтган очиқ мулоқот давомида айтиб ўтди.

Тадбир давомида журналистлар ИИББ раҳбарига "Милиция ходимларига нисбатан халқ ишончи сезилмаяпти? Сиз бунинг боиси нимада деб ўйлайсиз", деган савол билан мурожаат қилишди.

Генерал-майор бу саволга жавоб берар экан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва жамоатчилик муносабатлари нафақат журналистларни, балки халқаро олимларни ҳам қизиқтиришини таъкидлади.

"ИИБ ва халқ ўртасида чегара бор. Аммо бу ходимлар бошқа давлатлардан келиб қаторимизга қўшилмаган, улар ўзимизнинг одамлар. Ички ишлар ходимларининг ҳар бири ўз вазифасини сидқидилдан, қонунан бажариши керак. Шундагина чегара йўқолади", — дед ИИББ раҳбари. Ички ишлар ходимларининг асосий камчилиги ҳақида тўхталар экан, генерал-майор "Ички ишлар ходимларига балки эзгулик етмайди", деган фикрни айтди.

"Халқ бизга ҳимоячи сифатида қарашига эришишишмиз керак", — деб қўшимча қилди у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу кунга қадар Ички ишлар органлари фаолиятига бағишлаб ўтказган йиғилишларда ёки бевосита ИИБ ходимлари билан учрашувларида ички ишлар идоралари ходимлари маданияти, ўзини тутиши ва фаолиятини танқидий баҳолаб, уларни халққа яқинроқ бўлишга даъват қилган.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари Рустам Жўраевнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан очиқ телемулоқоти Ўзбекистон президентининг 2018 йил 14 февраль кунидаги "Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ташкил этилди.

Келгусида ҳудди шундай учрашувлар Тошкент аҳолиси ва меҳмонлари билан ҳар ўн кунда ўтказиб турилади.