Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Раъно Раҳмонберди қизи: Бағрибутунликка ҳақлисан, ватан!
14.03.2018 00:30,  
47

(“Бу кунлар”ни ўқиб)

Агар адл йўқ, ошкору ниҳон,

Яқин билки, зеру забардур жаҳон...

Алишер Навоий.

Ҳазрат бобомиз башоратларига советлар ”зеру забар”лиги яққол мисолдир. Адл (ошкору ниҳон) йўқлигидан бутун бошли сиёсат, мамлакат тарихнинг бир қутлуғ сониясида зеру забар бўлди, яъни парчаланиб битди ва ундан ибратланувчилар учун бир мактаб қолди холос.

...Эслайлик, советлар ва яккаҳокимлик ҳақ сўзни хуш кўрмади, тўғри танқиддан бузғунчи ғояларни излади, тополмаса уюштирди... Абдулла Қодирий, Беҳбудий, Авлоний, Фитрат каби буюк зотларимизнинг қора тақдирларини, ҳар беш-ўн йилда “тўлиқ бошоқлар”рўйхатга олиниб ва “чеканка”ланиб турилишини унутиб бўлармиди?

...Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон китобининг Тўртинчи кўчат: “Адабиёт миллатнинг виждони...” бўлимида яккаҳокимлик давлатида адаб ва маънавият мактаби бўлган адабиётга муносабатни шундай таърифлайди: “Ишкалли давлат чинакам адабиётдан, унинг тоза, саҳиҳ эътиқодли вакилларидан қўрқади. Қаттиқ қўрқмаса ҳам, доим ундан чўчиб-хавфсираб туради. Нега?

Чинакам адабиёт ҳамиша ҳақиқатни айтади. Ишкалли давлат ва ҳокимият эса айби очилишини сира истамайди. Айбимни кўрсата-кўрсата, охири ҳокимиятимни олиб қўяди деб ўйлайди. Ҳолбуки, адабиётнинг бирламчи вазифаси давлатни қўрқитиш ё уни ағдариш ва эгаллаш эмас, балки жамиятни тўғрилик ва адолат йўлида ‒ Ҳақ йўлида тарбиялашдир”. 89-бет” Айни ҳақиқат. Ёзувчининг фикрини исботлаш учун ўтган чорак аср адабиёти ва матбуотини таҳлил қилиб ўтиришга зарурат бўлмаса керак.

...Халқини ўйловчи ҳақпарвар раҳбар эса халқини тарбияловчи, давлатини мустаҳкамловчи СЎЗ муаллифини тақдирлайди, баракалла, дейди, раҳбарга “пахта қўйиб”, мақтовга тўн кийдириб, худа-беҳуда кўнгил овлашга суяксиз маддоҳлардан, тилёғлама мунофиқлардан ҳатто нафратланади. Ҳақиқий дўст халқ ва давлат манфаати йўлида (шайтоннинг бўйнини синдириб) ачитиб гапиради, қийин кунларда раҳбарнинг ўнг ёнида туради.

...Қадим туркийлар ёзма манбалари, ҳикмат китобларида Давлатни бошқаришнинг мажбуриятлари, сирлари ҳақида хўп-кўп маълумдир. Айниқса, Шоҳнинг вазири, маслаҳатчилари, масъул лавозимдаги шахслар, аввало очиқ юзли, раёсат ва раият манфаатларини бирдек ҳимоя қила оладиган кишилардан танланишига урғулар берилиши аждодларимизнинг ниҳоятда зукко, маърифатли инсонлар бўлганлигини кўрсатиб турибди.

Жумладан, не бир шоҳлар алломаларни ҳузурига тўплаб, суҳбатларини эшитганлиги, менга насиҳат айтинг, дея олим ва аҳли илмни улуғлаганликлари мумтоз адабиётимиз намуналарида ва машҳур араб саййёҳи Ибн Баттутанинг “Саёҳатнома” асари каби қатор саёҳатномаларда қайд этилади.

...”Бу кунлар”га қайтсак, халқимиз диққат назаридаги ёзувчи, публицист, миллий ва диний эътиқод билимдони, таниқли ижодкор Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг фавқулодда оғизга тушган китобини аввалроқ ўқиганимга қарамай ҳаётда ва интернашрларда кечаётган турли фикрлар боис такрор ўқиб чиқдим. Хулосам: Китоб ниҳоятда жавобгарлик ва масъулият, ҳужжатлар ва мисоллар асосида ёзилган. Муҳими, муаллиф воқеалар ичида яшайди, изтироб чекади. Воқеликни ичдан, тепадан, ёндан ҳар тарафлама кузатиши давомида, менимча, худди ўқувчига ҳикоя қилаётгандай ёзиб боради. Албатта ҳар қандай ишда жузъий камчиликлар бўлиши мумкин, аммо китобнинг мақсад-моҳиятидан чалғимаслик керак.

Менимча, китобдаги севимли ижодкорларимизга бағишланган бўлим гина, эътирозга сабаб бўлиши мумкин, чунки инсон ўзи меҳр қўйган кишилари ҳақида ҳамиша ижобий фикрда қолишни истайди. Агар биз танқиднинг ишонч ва меҳрдан айтилганини, ёзилганини тушуна олсак, гина-кудуратга ўрин қолмайди. Ахир Аллоҳ Каломида ўзининг энг яқин бандалари, пайғамбарларига ҳам итоб, сиёсат кўргузган оятларни (пайғамбаримиз, алайҳиссалом, ҳадисларини) эсласак, шубҳасиз танқиддан тўғри хулоса чиқарамиз, кўзимизни очган дўстдан миннатдор бўламиз, деб ўйлайман. Аммо бу ўқувчининг устоз шоирларимизга муҳаббатини камситмайди, балки тушунишга ҳаракат қилиш ҳиссини тарбиялайди. Зеро буюкларнинг хатолари кўзга яққол ташланиши ҳам табиий ҳол десак, айбсиз парвардигордир, ўзи кечирсин.

“Бу кунлар”ни ўқиркан, ... ҳатто муаллифга ғаразли кимса ҳам ичида қойил қолгани каби, давримизнинг энг содда ўқувчиси “Бу кунлар”да “ўз кунлари”ини ўқийди, ёзувчидан ғойибона миннатдор бўлади. Китобнинг ўз ўзидан пайдо бўлмаганлигини, унинг моҳиятини, кечаги кунни баҳолашда муҳимлигини тушунмаслик кўр-кўрона ўжарликми, (таъбир жоиз бўлса ақлсизлик деб бўлмас...) одамларни тўғри йўлдан чалғитишга уринишми? Негаки бир ишга жойлашиш учун камида бир дона “кал бобо”сиз иши битмаслигини ишга иши тушган, тушмаган кимсаки, яхши билиши сир эмас. (Мен ўзим илк бор “кал бобо” сўзини эшитганимда ҳайрон қолганим, журналист бўлиб шуниям билмайсизми, деб танқид қилишса хижолат бўлганим ёдимда) ... Қайси соҳани кўрманг, китобда ёзилганидан баттарроқ бўлса борки, яхшироқ эмас. Уни Президентимизнинг нутқларида кўп учраётган “у замонлар ўтди...” ибораси ҳам тасдиқлаб турибди-ку. Шундай экан, адолат ва ҳақиқат учун жонини жабборга бериб, таваккал қилиб ўртага чиққан ва чиқаётган марду майдонларимиз халқ кўзига ҳарқанча “олабўжи” қилиб кўрсатилмасин, халқ ўз қаҳрамонларини яхши билади, уларга бирор ёрдам беролмаса ҳам эзгу дуолари билан қўллаб чарчамайди.Золимларга эса лаънат ёғилаверади.

...Агар эслар бўлсак,“Бу кунлар”да биз асли ўтган асрнинг етмишинчи йилларидаёқ яшаб бошлаган эканмиз, дейман. Ўша вақтларда олий ўқишларга киришнинг “танкали” усулларини унда-бунда эшитардик ва олий даргоҳга номигагина келиб кетадиган “талаба”лар билан бирга ўқирдик ҳам... Хуллас, (бундан ўттиз йил олдин, собиқ империянинг қиличи ҳали бошлар устида собит кунларда) буюк шоир Омон Матжоннинг халқнинг иқрори ва уйғониш қўшиғига айланган -- “Турғунлик йиллари” достони бежиз пайдо бўлмаганди. Мана қаранг, достондан парча:

“...Етмиш йил эл яшаб Қуръон, Тавротсиз,

Эрлар ночор қолди, аёл авротсиз,

Замон дурадгори асбоб–яроқсиз,

Илма-тешик томни ямашга тушди.

 

Қор қора ёғмоқда, ёмғир заъфарон,

Дарёлар ўрнида оқмоқда армон,

Ҳар подшо ўзича чиқариб фармон,

Қолганлар бир-бирин булғашга тушди.

 

...Ҳар ерда ҳоким ҳақ, арбоблар ғолиб,

Қонун шуларники, шуларда қолип,

Энг катта айбдор бир ёқда қолиб,

Жазони бошқалар ўташга тушди.

 

...Ҳайронман сен ўзбек деган миллатга,

Ерингни тўлдирдинг мараз, иллатга,

Не жавоб айларсан бундай кулфатга,

Қара, пойдеворинг нурашга тушди.

 

...Кўкда йўқ Улуғбек очган юлдузлар,

Кўҳна Урганчингни емоқда тузлар,

Ер ости ганжларинг бегона кўзлар,

Излаб, ковлаб, ташиб гизлашга тушди.

 

Нечун қоралайсан сен ўз ўтмишинг,

Амир ҳам ўз кишинг, хон ҳам ўз кишинг,

Кўрарманми сенинг униб-ўсишинг,

Нечун парвоналар оташга тушди?

 

...Бойқаронг қотилмиш, Темуринг хунхўр,

Мангубердинг зобит, хор, манглайи шўр,

Не хароб миллатсан, борми бирон зўр?

Устунлар тикланмай қулашга тушди?!

 

Жаннат Ўзбекистон жаннатинг қани,

Шунча меҳнат қилдинг, роҳатинг қани,

Сиғинган, суянган давлатинг қани,

Ҳар дайди ит сени талашга тушди.

 

...Асли сендан зўрроқ қандай киши бор?!

Бугун Сайёрада «Ўзбек иши» бор!

Ҳали ўзбекнинг бир ҳайқириши бор,

Қара, томирларинг титрашга тушди...

...Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Бу кунлар”и назаримда орада ҳавосиз,танаффуссиз “Турғунлик йиллари” достонининг насрда битилган публицистик, таҳлилий, ҳужжатли давомига ўхшади. Турғунлик+Ўтиш даври+ Мустақиллик ўзаро узвий боғлиқ ҳолда салбий оқибатларнинг йилдан йилга чуқурлашиб борганини кўрсатиб турибди.Чунки қарамлик йилларимизда халқ ўз юртида меҳнатининг роҳатини кўрмаган бўлса, мустақил бўлгач бир бурда нон илинжида ер юзи бўйлаб сочилди. Айниқса аёлларимиз совет замонида “ҳужжатли қулликда (ҳар ҳолда) бахтини топган бўлсалар”, мустақилликдан кейин белларига арқон, елкасига кетмон мардикорликни зиммасига олдилар, тўп-тўп бўлиб, гавжум жойларда, бозор чеккаларида манзил тутдилар. Яхши-ямон машиналарга маҳрамсиз миниб кетаверишдан ор қилмайдиган ҳолга етдилар. Бу ҳам камдек олий маълумотли аёлларимиз бола-чақа деб чет элларда бойларнинг тувагини тўкиб, хизматини қилувчи “сиделка”ларга (қаранг, тилимизда у сўзнинг таржимасини топмадим), уй чўриларига айландилар. Миллатимиз фоҳишалари оламда достон бўлди, эсимизни билиб ўзбекдан фоҳиша чиққанини эшитмаган эканмиз, Аллоҳ кечирсин.

”Бу кунлар” ни мамлакатимиздаги ҳар бир зиёлиман деган киши, айниқса ҳуқуқ-тартибот ходимлари, раҳбарлар алоҳида вақт ажратиб, диққат билан ўқиб чиқишлари зарур ва шарт деб ўйлайман. Зеро Президентимиз фақат оддий халқни эмас, раҳбарларни ҳам китоб ўқишга бежиз тарғибот қилаётганлари йўқ. Шу маънода “Бу кунлар” ўзининг ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий, илмий-оммабоп аҳамияти билан айни шу кунларнинг китобидир. У ҳар бир раҳбар учун фойдали, ибратли қўлланма бўлишига шубҳа йўқ. Таъбир жоиз бўлса китобимиз ҳар тарафлама тарихий аҳамиятига кўра бир тарихчи олимнинг маълум бир давр учун докторлик иши бўлиши ҳам мумкин. Нима бўлганида ҳам бу ҳақиқий кураш, ҳақ сўзнинг, қаламнинг адолатсизликка қарши қиличга айланишидирки, иймон эгаси ўз боғини, Ватанини бегона ўтлардан тозалашга масъуллиги ва бу ишни виждонан бажара олганлиги билан таҳсинга лойиқдир. Ҳатто, долғали чорак асрда ҳаётдан узилиб қолган, ҳозирда Президентимиз раҳнамолигида Ватан хизматига бел боғлаган Ёшлар Иттифоқи учун ҳам кечаги қайғули ва умидли кунларни тўғри баҳолашда “Бу кунлар” дастурил амал бўлажагига шубҳа йўқ.

Яна мен лутфан бир китобхон сифатида ўз ватанига ва мавқеига масъул ҳар бир раҳбар учун ибрат ва намуна деб билганим Корея Республикаси Президентининг (собиқ) “Мўъжиза содир бўлмайди” китобини (Ўзбекистон нашриёти, 2009 й.) ўқиб чиқишни тавсия қилган бўлардим. “Кўчада мева сотиб кун кўрган, нимжон, ўз кучига ишонмаган бир бола йирик компания президенти лавозимигача кўтарилгани ва пировардида, Корея Республикаси Президенти этиб сайлангани тўғрисидаги қисса” албатта сизни ҳайратга солмаслиги мумкин эмас. Бизда ҳам шундай инсонлар бордир, нега биз журналистлар уларни билмаймиз, довруқларини эшитмаймиз, қувониб, фахрланиб улар ҳақида китоблар ёзмаймиз?

...айни кунларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакат тарихида кенг кўламли диний-маърифий, дунёвий илмларга йўл очилаётганидан чин дилдан қувонамиз. Мана, қаранг, Ислом Цивилизация Маркази, қатор янги номлардаги диний, дунёвий ўқув даргоҳлари, академиялари тузилиб, ишга тушаётганидан бошингиз кўкка етади. Шундай пайтда мамлакатимиз ичида ва сиртида рост сўзи, илми бошига тўқмоқ бўлган Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон каби ўнлаб ватанпарварларнинг Президентимиз ёнларида, атрофида Ватан хизматига камарбаста ҳолда тасаввур қила оласизми? Мен тасаввур қиламан, ишонаман ва бу куннинг тезроқ келишини Аллоҳга дуо қилиб, орзиқиб кутаман. Адолатпарвар Президентимиз муҳожиротдаги айбсиз айбдор (номлари рўйхат қилинса бир дафтарга сиғмас) Ватанимиз фарзандларини ўз уйларига қайтаришларига, қайноқ иш ва илм жабҳаларига сафарбар этишларига ишонаман. Иймоним комилки, узоқ-яқиндаги “мусофир ватандошларимиз” яқин кунларда ўз уйларида, Ватан қучоғида жамъ бўлгайлар.

Эй азиз ота Тупроқ! Зеро, сен ҳам барча том маънодаги мустақил, қудратли давлатлар каби бағрибутунликка ҳақлисан! Бу қутлуғ эврилишни сўнгги салкам бир асрда илк бор катта йўлга бисмиллоҳ билан қадам қўйган шижоатли ўғлинг, халқ сайлаган раҳбаринг, бизнинг Президентимиз -- менинг Президентим Шавкат Миромон ўғли Мирзиё жаноблари амалга оширгайдир, деб дуо қиламиз ва ишонамиз, омийн, Аллоҳу акбар...

Раъно Раҳмонберди қизи,

ЎзР ёзувчилар ва журналистлар уюшмаси аъзоси

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан