Кутилмаган қадам. Ўзбекистон визаси Қозоғистон учун ҳам амал қиладиган бўлади

14.03.2018 | Ўзбекистон | 4633

Ўзбекистон ва Қозоғистон туристлар учун иккала давлат ҳудудида ҳам амал қиладиган мультивиза жорий этиш ҳақида музокаралар олиб бормоқда, деб хабар қилди Қозоғистон маданият ва спорт вазири Арыстанбек Мухамедиул.

Ушбу масала Остонада 14 март куни икки давлатнинг ҳукуматлараро комиссиялари мажлисида муҳокама қилинди.

“Биз ҳозир Ўзбекистонга кириш учун берилган визалар Қозоғистон ҳудудида ҳам амал қилиши устида ишлаяпмиз. Қозоғистонга келган туристлар эса – қозоқ визаси билан Ўзбекистонга бориши мумкин бўлади”, — деди Мухамедиулы ҳукуматлараро комиссия мажлисидан кейин.  

Вазир айтишига қараганда, кўп ҳолларда Қозоғистонга келган сайёҳлар Ўзбекистон тарихий обидаларини томоша қилиш истагини билдиришади. Ўзбекистонга келган сайёҳлар эса Хўжа Яҳмад Яссавий мақбараси ва Остонани томоша қилишни хохлайди.

Ушбу турдаги визалар амал қилишни бошлаши учун икки мамлакат Ҳукуматлари таалуқли қарорларни қабул қилишлари керак.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилинган. Йил давомида Қозоғистонда иқтисодиёт, туризм ва маданият соҳасида 200 дан ортиқ тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.