Тошкент ИИББ бошлиғи: "Стукачлик" ҳақида қоидабузарликларни яхши кўрадиганлар гапиради

15.03.2018 | Ўзбекистон | 3234

Яқинда ишга туширилган Тошкент ИИББ ЙҲХБ сайти (ubdd.uz) бош бошқарма фаолиятини очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган бошқа чоралар каби аҳолининг ички ишлар органларига ишончини оширишга ёрдам бериши керак, деди Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари, ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев яқинда журналистлар билан бўлиб ўтган мулоқоти давомида.

Унинг фикрича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи нафақат ўз вазифасини яхши бажариши, балки уни тўғри кўрсатиб бера олиши ҳам керак.

«Биз ЙҲХБ сайтини фақатгина одатий ишларимизни кўрсатиш учун очмадик. Қанча жарималар, қанча машиналар жарима майдончасига жўнатилгани ёки олиб қўйилгани — бу бизнинг ишимиз ва кимларгадир унчалик ҳам қизиқ эмас. [Одамларга] қандай яхши ишлар қилганимиз қизиқроқ. Бироқ бу фақатгина бошланиши, биз ходимларимиз обрўсини кўтариш учун ўз устимизда, сайтимиз устида ишлашни давом эттирамиз», — деди ИИББ раҳбари.

ЙҲХБ сайти ишга тушганидан 10 кундан камроқ муддат ичида 149 та таклиф ва мурожаат келиб тушди. «Мобил репортёр» бўлими орқали келиб тушаётган йўл ҳаракати қоидалари бузилиши қайд этилгани тўғрисидаги фотосуратлар ва видеороликлар асосида чоралар қўлланилмоқда. Рустам Жўраевнинг сўзларига кўра, ЙҲХБ Facebook ижтимоий тармоғидаги «Водители Ташкента» гуруҳида эълон қилинган материалларга ҳам муносабат билдираяпти.

ИИББ бошлиғи ЙҲҚ бузилишлари тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилувчиларни «стукачлар» деб ҳисобловчи интернет фойдаланувчилари сўзларига ҳам изоҳ бериб ўтди.

«Биз ҳар 100 метрга ЙПХ инспекторини қўйиб чиқа олмаймиз. Агарда фуқароларимиз фаол фуқаролик позициясини намоён этса, бу бизга кучли ёрдам беради. Мен „Водители Ташкента“ гуруҳидаги изоҳларни ўқидим, шундайлар ҳам борки, буни „стукачлик“ деб ҳисоблайди. Бу нотўғри, аминманки, бу сўзларни ўзи қоидаларни бузиб, баланд тезликда юришни яхши кўрадиганлар ёзади. Барчасининг ўрнига бунинг устида ишлашимиз керак», — деди у.