Назармаҳрам назардан қолди ёхуд одамхўр чорраҳага светофор топиладими?

15.03.2018 | Блог | 5310

Таҳририятимизга Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги Назармаҳрам қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаролардан мактуб келиб тушди. Хат мазмунидан маълум бўлишича, Назармаҳрам жоме масжиди олдидан ўтувчи автомобиль йўлида ҳаракат тартибга солинишга муҳтож.

Назармаҳрам жоме масжиди яқинида жойлашган чорраҳада Назармаҳрам-1, Назармаҳрам-2, Қўрғонча ва Нўхтачи маҳалаллари кесишади. Тўртта маҳаллада жами 15 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

Мазкур чорраҳадан Шаҳрихон-Қува автомобиль йўли ўтган бўлиб, бу ердан автомобиллар 90-100 км/соат тезликда ўтади. Автомобиль қатновининг кўпайиши қайд этилган чорраҳани қишлоқ аҳолиси учун энг хавфли нуқталардан бирига айлантирган.

Бу чорраҳада автоҳалокатлар тез-тез содир бўлиб туради. Аксарият ҳайдовчилар йўл-ҳаракати қоидаларига риоя қилмасликлари туфайли чорраҳадаги ҳалокатлар одатий ҳолга айланган. Назар-Маҳрам жоме масжиди хавфли чорраҳа олдида жойлашган. Ҳафтанинг жума кунида бу ерда қатнов янада ортиб, автотранспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш муаммога айланади.

Мазкур ҳудудда 61 ва 53-мактаблар ҳамда қишлоқ хўжалик коллежи ҳам жойлашган. Ушбу чорраҳа мактаб ўқувчилари учун ҳам асосий қатнов нуқтаси бўлиб, чорраҳадаги автоҳалокатлар кўпинча болалар иштирокида содир бўлмоқда. Чорраҳада пиёдалар ўтиш йўлагини англатувчи зебра чизиқлари ётқизилган, аммо ҳайдовчиларнинг ҳаракат қоидаларига амал қилмасликлари бу ердаги йўл транспорт ҳодисаларининг бир неча марта ўлим билан тугашига сабаб бўлди.

Жумладан, мазкур чорраҳада қуйидаги инсонлар автоҳалокат қурбони бўлишган (автотранспорт воситаси томонидан уриб юборилган пиёдалар):

  • Қўзиев Зуҳриддин
  • Ҳошимова Лобархон
  • Темирбоева Елена
  • Сайдаҳмедов Маҳмуджон
  • Қурбонова Ҳабибахон
  • Насриддинов Иқбол
  • Баҳромов Зуҳриддин
  • Баҳромов Абдувосил
  • Низомиддинов Элдорбек

Бундан ташқари, чорраҳада автомашина уриб кетиши натижасида ногиронга айланган фуқаролар ҳам бор:

  • Абдазов Ҳасанбой
  • Тошматов Ғулом
  • Холматов Ҳаётбек
  • Ҳошимова Анорхон
  • Ҳошимов Азизбек
  • Аҳмедов Тилаболди
  • Мадраҳимов Билолиддин
  • Мирхалилов Ҳайитбой
  • Тоштемиров Исмоилжон
  • Азимхўжаева Лобар

Булар тартибга солинмаган чорраҳанинг барча қурбонлари эмас. Мактуб муаллифи Обиджон Қодиров фақатгина исм-шарифлари эсида қолган кишиларнинг рўйхатинигина тақдим қилганини айтади. У кишининг эътирофича, автоҳалокатлар қурбонларининг асосан масжидга келадиган намозхонлар, кичик ёшдаги болалар ва мактаб ўқувчиларидир.

Шу йилнинг февраль ойида содир бўлган ҳодисада эса 2-синф ўқувчиси Дўсматов Раҳмиддинни автомашина уриб кетган. Раҳмиддин ҳалигача даволанишда. Бизга маълум бўлишича, охирги бир ой ичида чорраҳада камида уч марта автоҳалокат содир бўлган.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Биз юқорида фақатгина чорраҳада ҳалокатга учраган пиёдаларга тўхталдик. Автомобиль йўлининг ушбу қисмида хавфли бурилиш бўлиб, яъни йўлнинг кўриниш даражаси пастлиги ҳамда автомашиналар чекланган тезликка риоя қилмасликлари ҳисобига ҳаракат юқори даражада хавфли бўлади. Чорраҳада автомашиналар тўқнашуви ҳам тез-тез учраб туради.

Қишлоқ аҳли шу йилнинг 3 январь куни Ўзбекистон республикаси президентининг виртуал қабулхонасига, 7 февраль куни эса Шаҳрихон туман ҳокими Ҳикматулло Дадахоновга мурожаат йўллашган. Мурожаатда Назар-маҳрам жоме масжиди олдида автоҳалокатларнинг олдини олиш ва автомашиналар ҳаракатини тартибга солиш учун чорраҳага светофор ўрнатиб бериш сўралган.

Президент қабулхонасига йўлланган мурожаат бўйича Шаҳрихон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасидан вакиллар келиб шикоятни ўрганишган. Бизга тақдим этилган учрашув баённомасида қайд этилишича, Назармаҳрам чорраҳасига светофор ўрнатиш масаласи корхонанинг 2018 йилги дастурига киритилган бўлиб, режа тасдиқлангач, светофор ўрнатиш ишлари амалга оширилиши керак.

Аммо бизга мактуб йўллаган Обиджон Қодиров ушбу баённомани имзолашдан бош тортганини маълум қилди. У кишининг айтишича, баённома нотўғри тўлдирилган бўлиб, унда чорраҳага оид маълумотларда хатолик бор. Шаҳрихон ТЙФУК вакиллари битта чорраҳага светофор ўрнатиш 60 миллион сўмга тушишини маълум қилишган. Обиджон Қодировнинг бизга айтишича, у Шаҳрихон ТЙФУК ходимларининг гап-сўзларидан светофор ўрнатиш ниятлари йўқлигини тушунган.

Айни пайтда, туман ҳокимлигига йўлланган мурожаат жавобсиз қолмоқда. 14 март ҳолатига кўра, ҳокимликдан ҳеч қандай жавоб олинмаган.

Эслатиб ўтамиз, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, ариза ёки шикоят давлат органи томонидан 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш талаб қилинганда эса бир ойгача муддатда кўриб чиқилиши керак. Шунингдек, текширув ўтказиш учун мурожаатни кўриб чиқиш муддати бир ойгача муддатга узайтирилганда, бу ҳақида мурожаат этувчига хабар қилиниши шарт.

Таклиф кўринишидаги мурожаатларни кўриб чиқиш муддати эса бир ой бўлиб, қўшимча ўрганиш талаб этилганда, 10 кун муддат ичида мурожаатчига ёзма шаклда хабар қилиниши шарт.

Sof.uz сайти бу борада Андижон вилояти йўл мутасаддиларнинг изоҳини кутиб қолади.