Президент матбуот котиби Самарқанддаги фожиа юзасидан изоҳ берди

17.03.2018 | Ўзбекистон | 4492

17 март куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи бошланди. Шу муносабат билан, Давлат раҳбарининг матбуот котиби Facebook’даги саҳифасида ташрифдан кўзланган мақсад ҳамда ташриф кун тартиби ҳақида қисқа ахборот пости қолдирган. 

Ушбу хабарга муносабат билдирган «Facebook» фойдаланувчиларидан бири Президент матбуот котибига «ҳокимлар Президент келишидан сал олдин асосан ўқитувчиларни катта ва кичик йўл ёқаларига чиқариб тозалаш ишларига «мажбурлаши», бунинг оқибатида бир неча кун муқаддам Самарқанддаги катта кўчани тозалаётган вақтда 23 ёшли ўқитувчи машина уриб кетиши натижасида вафот этганини маълум қилиб, бу каби мажбурий меҳнатга жалб этиш ишлари қачон тугатиши ҳақида сўраган.

Комил Алламжонов мазкур саволга қуйидагича жавоб беради: «Бўлиб ўтган ҳодиса, албатта, жуда ачинарли. Фожиага олиб келган сабаблар ҳозир ўрганилмоқда. Натижасига кўра тегишли чоралар белгиланади. Ўз номимдан марҳуманинг оиласи ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этаман».