Ўзбекистонда барча боғчалар видеокузатув мосламалари билан жиҳозланади

19.03.2018 | Ўзбекистон | 2434

Мактабгача таълим муассасалари видеокузатув мосламалари билан жиҳозланади. Бу борада мактабгача таълим муассасаларини ўйинлар, ўйинчоқлар, мебель, жиҳозлар ва бошқа техник воситалар билан жиҳозлаш меъёрлари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" канали хабарига асосан.

Меъёрларга мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг жисмонан соғлом, ақлий ва интеллектуал ривожланишлари учун лозим бўлган жиҳозлар, ўйинлар ва ўйинчоқлар ва бошқалар киритилган.

Хусусан, ҳар бир мактабгача таълим муассасаси ҳудуди, ўйин майдончалари интернет орқали кузатиш имкониятига эга бўлган видео кузатув техникаси билан жиҳозланади.

Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларида болаларни жисмонан соғлом ривожланиши учун чиниқтириш ва ясси оёқликни олдини олиш учун йўлакчалар, релаксацион креслолар, ҳаво тозалагичлар (рециркулятор), стерилизаторлар, ақлий ривожланиши учун "Банк", "Почта", "Ферма", "Автомобиль тураргоҳи" ва бошқа ўйин марказлари, интеллектуал ривожланиш учун кўп функцияли саҳналар, "Тасвирий фаолият" бурчаклари бўлиши лозим.