Яна ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнати ҳақида: Келажак ўлмасин...

20.03.2018 | Блог | 3274

Бугун кечаси билан ухлаганим йўқ, йўл юриб чарчаб келдим, лекин шу икки кун ичида хаёлимдан ўтган фикрларимни ёзмасам, шу воқеаларга ўз позициямни айтмасам, ўзимни кечирмас эдим.

Тасаввур қилинг: ҳокимиятда селектор йиғилиши. Ҳоким айтади: “Халқ таълими тур, эртага эрталабдан ҳамма ходимингни йўлнинг бўйига олиб чиқасан, комиссия келяпти (бирорта катта келяпти)”. Биласизми бизнинг фожиамиз нимада? Биз бирорта ишни бировнинг кўзи учун қиламиз. Каттакон ўтаётган пайтда йўлнинг бўйида ободонлаштириш ишлари саҳналаштирилиши керак. Ишонаверинг, агар ўша ишлаётганлар муайян ишни эмас, шунчаки, эгилиб олиб, ерни ушлаб турса ҳам, ободончилик кетяпти, деган иллюзия пайдо бўлади. Шу етади.

Келаётган Катта, ойналари қорайтирилган Мерседесда 120 км тезликда ўтиб кетади. У кўрмайди, 4 йил олий маълумот олган Эшмат кетмон чопиб, гул экаётганини. Лекин ҳокимтўрага керак бу саҳна. Примитив ақли билан катта ўтаётганда туманни ҳамма ободонлаштиряпти, иш қайнаяпти деб ўйласин дейди... Бизда йўлларни текис қилишнинг ўрнига йўлнинг четини гўзаллаштирамиз. Бундан 3-4 йил муқаддам эса вилоятларда йўлнинг бўйига февраль ойида ҳали гуллар чиқмасдан, калтакка рангли қоғозлардан гул шакли ёпиштирилиб йўлларни бўйига суқиб чиқилар эди (!) Кимга керак бу масхарабозлик? Инсоннинг устидан бундан ортиқ кулиш мумкинми? Ўша пайтда Европадан келган меҳмонларга бунинг нима учун қилинаётганини тушунтира олмаганман. Қанақадир урф-одат бўлса керак, деб ўйлашган... Ўша ишларни ҳам ким қилар эди? Биттада топинг! Топдингиз. Бу ишларни саҳналаштиришда эээнг маъқул одамлар кимлар? Албатта, ўқитувчи ва врачлар.

Уларга бундан ташқари биласизми, яна қандай ишлар юкланади?

(Енгимни шимариб олдим) Эрта баҳорда чигит экилишини массивма-массив кузатиш, ягана, ғўзага қурт тушса қуртни териш, пахта териш, буғдойга отряд бўлиб чиқиш, пахта ёки буғдой планини топширмаган фермерларни топиб келиш, уларга шу планни бажаришни мажбур қилиш, йўлнинг бўйига гул эккани чиқиш, металлом йиғиш, обуна, сайловларда имзо йиғиш, сайлов таклифномаларини тарқатиш, сайлов комиссиясида аъзо бўлиш, сиёсий партиялардан кузатувчи бўлиш, аҳоли сонини ҳисоблаш, аҳоли томорқаларида нималар экилганини аниқлаш, булар уларнинг функционал вазифаси бўлмиш, болаларни ўқитишдан ташқари шунчаки бонус қўшимча вазифалар холос, масштабни тасаввур қиляпсизми? Агар булардан бош тортса, энг қўрқинчли нарса нима? Ишдан ҳайдалиш. Нима учун бизда аризангни ёз деган сўз жуда бир қўрқинчли сўз бўлиб туюлади? Чунки бошқа иш топиш қийин... 3-4 та боласи бор... Ун билан ёғ олиши керак... Мактабларнинг ўзидаги тадбирбозлигу, қоғозбозликларни қўшинг энди. Олдинлари ўқитувчи касбини танлаганидан фахрланишган бўлса, ҳозирги ёшлар бу касбдан қочишади. Эртага фарзандларимизни ким ўқитади?

Диананинг ота-онасининг расмини кўрдим... Ўзимнинг қизчам бор, шу қизим 2 ёшда ва улғайгани сари сентиментал бўлиб кетяпманми, дейман шунақа боласи ўлганларни кўрганимда... Уларнинг мунгли нигоҳларига кўзларим дош бера олмади, тезроқ уйга бориб қизчамни қучоқлагим келди... У ҳам эртага мен ўқитувчи бўламан, дейишидан қўрқиб олиб кетдимми ғарбга? Билмадим...

Шундай қилиб, нима учун бизда ўқитувчилар олий табақадан энг қуйи поғонага тушиб қолдилар? Сабабларнинг илдизи қаерда? Мен доим айтаман: бизнинг давлатимиз на капиталист на комунистик тизимда, деб. На мусулмонмиз ва на кофирмиз тамом, деганидай буюк Хайёмнинг. Биз солиқлар йиғилиши, бизнес моделлари, банк-кредит масалаларида капиталистмиз, бошқарувда эса коммунистик принцип. Қамчи... Қонун устуворлиги, деб бонг ураверамизу, ўша қонунни ҳам, кеча ўқитувчини босиб кетганидай янчиб кетишмаяптими, айрим раҳбарлар? Бизда ободонлаштириш бошқармаларида ишлайдиган одамлар 500 минг ойлик олиб ишлайди, мактабни ҳам битириш шарт эмас у ерда ишлаш учун. Голландияда 20 млн сўм, Россияда 4-5 млн сўм олиб ишлашади шу соҳа вакиллари. Наҳотки, юртнинг келажаги учун, ўқитувчиларни ўз ўрнига кўтариш учун ушбу соҳани ривожлантира олмасак? Шундай қилиш керакки, ишсизлар ўзлари югуриб келсин, мен ишлайман деб ёки умуман ободонлаштирмайлик, кўкламзорлаштирмайлик! Майли юртимда гуллар ўсмасин... Аммо, ўқитувчилар ўлмасин. Келажак авлодни етиштириб берувчи боғбонлар жувонмарг бўлиб кетишмасин...

Нурбек Алимов, блогер