Дунё ғазабда: Facebook​ 50 миллион одамнинг шахсий маълумотларини ўғирланганини тан олди

22.03.2018 | Технологиялар | 2896

Facebook 50 миллион фойдаланувчисининг шахсий маълумотларини асрай олмагани ошкор этилгани ортидан юзага келган жанжал оқибатида ижтимоий тармоқ 60 миллиард доллар зарар кўрди.

Cambridge Analytica 50 миллион одамнинг маълумотларидан ноқонуний фойдаланган

Facebook асосчиси ва раҳбари Марк Цукерберг Британиянинг Cambridge Analytica ширкати томонидан ижтимоий тармоқнинг 50 миллион фойдаланувчиси шахсий маълумотлари ноқонуний йиғилгани юзасидан баёнот берди. У ўз баёнотида Facebook ўз фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари сир сақланиши учун масъул эканини тан олди.

Жорий ҳафта бошида Cambridge Analytica ширкатининг собиқ ходими Крис Уайли Дональд Трамп томонидан 2016 йилда АҚШ президентлик сайловида тарғибот учун ёлланган Cambridge Analytica 50 миллион нафар Facebook фойдаланувчисининг шахсий маълумотларини ноқонуний қўлга киритгани ва фойдаланганини матбуотда айтиб чиққан эди.

Facebook Крис Уайлининг бу баёнотига жавоб тариқасида маълумотлар 2016 йилда Кембриж университети профессори Александр Коган томонидан йиғилганини билдирди.

Коган психологик тест тузиб, Facebook рухсати билан уни тармоққа жойлаштирилган. Тестдан ўтишни истаган ҳар бир одам ҳар бир одам ўзи ва дўстлари тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланишга розилик бериши лозим бўлган.

Коган “айбсиз айбдор” қилинаётганини билдирди

Facebook Александр Коган кейинроқ бу маълумотларни Cambridge Analytica ширкатига ноқонуний равишда берган, деб айтмоқда. Бироқ Коган Facebook ва Cambridge Analytica ширкатлари уни “айбсиз айбдор” қилаётганларини билдирди.

“Facebook ҳам, Cambridge Analytica ҳам мени айбсиз айбдор қилмоқда. Ўша пайтда мен қонундан ташқари бўлмаган одатий бир ишни қилаяпман, деб ўйлаганман. Мен Cambridge Analytica ҳамма ишни қонун доирасида ва хизмат кўрсатиш шартномаси асосида бажараяпти деб ишонгаман”, деди Коган 21 март куни Би-Би-Сига берган интервьюсида.

Британия ҳукумати суриштирув бошлади

Бу масалада суриштирув ўтказган журналистлар Cambridge Analytica бош директори Александр Никс тор доирада унинг ширкати Дональд Трамп ғалабасида энг асосий ролни ўйнагани тўғрисида гапирганинин яширин равишда ёзиб олганлар.

Бу ёзув эълон қилингач, 20 март куни Александр Никс ўз вазифасидан бўшатилди. Бироқ ширкат “Никс баёноти ҳеч қандай аҳамиятга молик бўлмаган қуруқ сўз” қабилида хабар тарқатди.

Британия ҳукумати Cambridge Analytica ширкатига нисбатан терговни бошлаганини 21 март куни бош вазир Тереза Мэй парламентда қилган чиқишида билдирди.

-Айтишим мумкинки ҳукумат Cambridge Analytica билан ҳозир ҳеч қандай шартномаларга эга эмас. Ахборот масалалари бўйича махсус вакил олиб бораётган суриштирувни қўллаб-қувватлайман, чунки одамлар уларнинг шахсий маълумотлари қандай ишлатилганини билишлари шарт. Facebook, Cambridge Analytica ва бошқа манфаатдор ташкилотлар терговга ёрдам беради, деб умид қиламан, -деди Тереза Мэй.

Facebook миллиард долларларини йўқотди

50 миллион одамнинг шахсий маълумотларидан ноқонуний фойдаланилгани ошкор бўлгач, сўнгги икки ҳафтада Facebook акциялари 7 фоизга арзонлаб, 60 миллиард доллар зарар кўрди.

20 март ҳолатига кўра, Марк Цукербергнинг шахсий капитали жами 9 миллиард долларга пасайган.

#DeleteFacebook

Юқоридаги маълумотлар пайдо бўлганидан сўнг Twitter’да #DeleteFacebook хэштеги оммалашди.

Мазкур хэштег остида фойдаланувчилар ўз шахсий маълумотларини ҳимоя қила олмаган ижтимоий тармоқдан чиқшга чақирилмоқда.

#DeleteFacebook хэштегини 2017 йилда Facebook ширкатини тарк этган WhatsApp асосчиларидан бири Брайан Эктон ҳам қўллаб-қувватлагани айтилаётир.

Facebook аудиторияси ойига 2 миллиард фойдаланувчидан ошади.