Суриянинг Идлиб вилоятидаги Кафр-Ботих қишлоғига ҳаводан берилган зарба оқибатида 20 одам, жумладан, 16 нафар бола ҳалок бўлди. Ҳалок бўлган болалардан энг каттасининг ёши 11 да бўлган.
Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясининг хабар беришича, болалар мактабдан чиқаётган пайтда ҳалок бўлган. Хабарда таъкидланишича, ҳалок бўлганларнинг 15 нафари бир оила аъзосидир.
19 март куни Гута шарқидаги Арбин мавзесига Сурия ҳукумат кучлари томонидан берилган ҳаво зарбаси оқибатида мактаб ертўласига яширинган 15 бола ва икки аёл ҳалок бўлган эди.
Идлиб вилояти Сурия президенти Башар Ассадга қарши курашаётган исёнчи гуруҳлар назоратидаги ҳудудлардан биридир. Мазкур ҳудуддаги жангларни ҳукумат кучлари Россия ҳарбий самолётлари ҳаводан бераётган зарбалар кўмагида олиб бормоқда.
Февраль ойи бошида Идлибда исёнчилар Россияга қарашли Су-25 ҳарбий учоғини уриб тушурган эди. Шундан сўнг Россия Идлибни бомбардимон қилишни кучайтирган.