Сабзи чиндан ҳам кўриш қобилиятини яхшилайдими?

23.03.2018 | Илм-фан | 2872

«Сабзидаги бета-каротин — каротиноид кўриш қобилияти учун жуда фойдали модда ҳисобланади. У организм томонидан А витамини таркибида ишлаб чиқилади, — деб тушунтиради АҚШдаги Миллий кўз институти тадқиқотчиси Майкл Редмонд. — Бу витамин кўзнинг орқа қисмидаги опсин ва родопсин оқсиллари ишлаб чиқарилишини таъминлайди. Опсинлар кундузги ёруғликка, родопсинлар эса хира ёруғликка сезувчан бўлади».

А витамини етишмаслиги никталопия — ғира-шира ёруғликда кўра олмаслик билан кечадиган кўриш қобилиятининг бузилишига олиб келиши мумкин.

Шунга қарамасдан, бу фақат сабзига зўр бериш керак дегани эмас. А витамини нафақат унинг таркибида бор. Масалан, батат ёки баргли кўкатлар (исмалоқ, жимжимали карам)да у ҳатто кўпроқ. Бундан ташқари, сабзининг кўриш қобилиятини яхшилашга ёрдам беришини кутиб ўтириш керак эмас.

«А витамини кўз учун фойдали, лекин у сизнинг кўриш қобилиятингизни тўлиқ тузата олмайди, — дейди Америка офтальмология академияси вакили Ребекка Тейлор. — Агар сиз кўзойнак ёки линза тақсангиз, улардан воз кечишнинг иложи йўқ».

Яна битта лекини бор. А витамини — ёғда эрийдиган витамин, шунинг учун у организмга ёғлар билан бирга келиб тушиши керак. Фақат шундагина у тўлиқ сингдирилади. Агар хом сабзининг фақат ўзи истеъмол қилинса, организм ҳеч қандай фойда олмайди.

Ребекка Тейлор кўзнинг соғлиғи учун исмалоқ ва жимжимали карамдан, қизил ширин қалампирдан, бодом ва сабзидан салатлар тайёрлашни тавсия қилади. Буларнинг ҳаммаси кўз учун зарур бўлган А, Е ва C витаминларининг муҳим манбаи ҳисобланади. Агар бундай салатларга ёғ қўшилса, ёғда эрийдиган А ва Е витаминлари яхши сингдирилади.