Мактаб ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаси вилоят босқичи бошланди

23.03.2018 | Илм-фан | 2409

Бугун умумтаълим мактабларининг 9-10-синф ўқувчилари ўртасида фан олимпиадасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят босқичи бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Мазкур олимпиада 22 та фан бўйича 3 та босқичда: мактаб, туман (шаҳар) ва вилоят босқичида 9 ва 10-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилади. Бу йилги вилоят босқичида 13 мингдан ортиқ ўқувчи ўзаро беллашмоқда.

Фан олимпиадасининг III (вилоят) босқичи икки турда: 23 март куни ёзма иш ва 24 март куни тест синови кўринишида ташкил этилади.

"Халқ таълими вазирлиги томонидан фан олимпиадасининг йўриқнома ва Низом талаблари асосида ва адолатли ўтказилиши қатъий назоратга олинган", — дейилади хабарда.

Умумтаълим фанлари бўйича олимпиаданинг III (вилоят) босқичида ҳар бир фандан 76 баллдан юқори натижаларга эришган ўқувчилар ғолибликни қўлга киритади. Фан олимпиадаси ғолиблари ҳудудий ташкилий қўмитасининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Вазирлик ахборот хизматининг билдиришича, умумтаълим фанлари бўйича олимпиада ўқувчи-ёшларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини аниқлаш, уларни рағбатлантириш, ўқувчиларда ўзлари танлаган фанлар ва ихтисосликларни чуқур ўрганишга қизиқишларини ошириш, келажакда касбларни тўғри танлашига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилади.