Жигар кўчириб ўтказилган биринчи бемор шифохонадан чиқди

26.03.2018 | Тиббиёт | 2690

Жигар трансплантацияси ўтказилган 26 ёшли Убайдулла Дадахўжаев шифохонадан чиқди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Аввал хабар қилинганидек, 13 февраль куни В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида Ўзбекистон тиббиёти тарихида биринчи марта жигарни кўчириб ўтказиш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Узоқ йиллар давомида жигар церрозидан азият чеккан Убайдулла Дадахўжаевга 30 ёшли акаси Ҳаёт Дадахўжаев донорлик қилди. Операция марказ директори академик Феруз Назиров ҳамда В. Шумаков номидаги Россия трансплантологик ва сунъий аъзолар тиббий тадқиқот маркази директори Сергей Готье раҳбарлигида ўтказилди.

«Операцияга катта тайёргарлик кўрилди, — деди академик Феруз Назиров. —  Марказнинг техник имкониятлари яхшиланди, мутахассисларимиз АҚШ, Франция, Жанубий Корея, Туркия, Швейцария ва Россияда малака оширишди. Донор ва реципиент операцияга уч ой тайёргарлик кўрди. Операция 15 соат давом этди. Бемор ва донорнинг умумий ҳолати ҳозирда яхши. Агарда бемор бизнинг тавсияларимизга риоя қилса, тўлиқ тузалиб кетади».