Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатини ёритган ёзувчи Каримберди Тўрамуродга номаълум кишилар таҳдид қилмоқда
26.03.2018 19:06,  
23

Март ойида Самарқандда кўча тозалашга олиб чиқилиб автоҳалокат натижасида дунёдан кўз юмган ўқитувчи аёл Диана Еникеева фожеасини қаламга олиб турли сайтларда эълон қилган Каримберди Тўрамуродга босимлар кўрсатилмоқда. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзди.

“Менинг ўзимдан қаҳрамон ё авлиё ясаш ниятим йўқ. Менга суиқасд қилишадиган даражада катта иш ҳам кўрсатганим йўқ. Аммо сиз, азиз ФБ дошлар, ҳамкасблар, бир нарсани билиб қўйишларингизни истайман: Диана фожеасини ёритганимдан сўнг турли таҳдидлар, ғаразли, ҳақоратли қўнғироқлар, турли идоралар томонидан босимлар, қўрқитиб қўйишлар, чўчитиб қўйишга интилишлар кўпайиб кетди.

"Фалон рақамли машинада юрар экансиз, машиналар ўз-ўзидан ёниб кетади, портлаб кетади, устига КамАЗ чиқиб кетади, шунақа ҳодисалардан қўрқмайсизми?" деган таҳдидлар бўлди. Қайси куни пешин намозига масжидга пиёда чиқсам, уйимдан чиққан жойимда бир рақамсиз машина устимга ҳайдади, сал қолди уриб кетишига. Зўрға ўзимни четга олишга улгурдим.

Бир ҳамкасбимизга Самарқанд вилояти ҳокимиятида ишлайдиган киши қўнғироқ қилиб, "Ҳожи ака ҳушёр бўлсин, вилоят ҳокими унга қарши провакация тайёрлаяпти", дебди. Албатта, вилоят ҳокимини ақли, фаросати бор одам, деб ўйлайман. Бу ишни қиладиган даражадаги тубан одам бўлмаса керак. Қолаверса, шунақа қилса, балога қолишига ҳам ақли етса керак. Аммо бу гап етиб борса, ичига қўрқув тушади, деган мақсад билан шунчаки чўчитиб қўйиш учун атайлаб қилинган, деб ўйлаб, эътибор ҳам бермадим.

Ниҳоят, мен яшайдиган уй "сардори", яъни "домком"дан ўзини вилоят ИИБ дан деб таништирган икки номаълум нусха келиб, мен ҳақимда суриштиргани, "Бу одамнинг уйига кимлар кириб-чиқаяпти, шубҳали шахсларга кўзингиз тушмадими?" деб суриштиргани менга қизиқувчиларнинг нияти жиддий эканидан далолат беради.

Энг қизиғи, кечадан бери ҳеч ким менинг телефонимга қўнғироқ қилолмаётганидек, мен ҳам қўл телефонимдан бошқаларга чиқа олмаяпман. На СМС кетади, на ҳисобимдаги маблағимни кўра оламан!

Шуларни эътиборга олиб, барча ОАВ ларга мурожаат қилмоқчиман:

"Каримберди Тўрамуроднинг машинаси портлаб кетибди", "машинаси ёниб кетибди", "машинасининг устига КамАЗ чиқиб кетибди", "Каримберди Тўрамурод бедарак йўқолибди", "Каримберди Тўрамурод ўз жонига қасд қилибди", "ўзини осиб қўйибди" ё "ўзини дарёга ташлабди", "Каримберди Тўрамурод юрак етишмовчилиги туфайли тўсатдан вафот этибди" деган гаплар чиқса, "Каримберди Тўрамуроднинг ёнидан ёки машинасидан гиёҳванд модда чиқибди", "қурол чиқибди", деган гаплар тарқатилса, ИШОНМАНГЛАР!

Шундай гаплар чиқса, бу режалаштирилган иш бўлади.

Мен соппа-соғман! Жинни ҳам бўлганим йўқ! Юрагим ҳам, жигарим ҳам, бошқа аъзоларим ҳам яхши ишлаб турибди!

Гиёҳванд модда тугул оддий аптекадан оддий дори ҳам олиб ичмайман, чунки уларга ишонмайман!

Такрор айтаман, жонимга қасд қилишадиган даражада бировга душманлик қилганим йўқ. Аммо "Ҳақни де! Ҳақни ёз! Ҳақ билан бўл!" деган шиоримни баланд кўтариб, адолатсизликларни, ҳақсизликларни ғирромликларни фош қилишдан ҳам тўхтамайман!

Эслатиб қўяй, менга мансаб, амал, лавозим, мукофот деган нарсалар керак эмас! Қилган ишларимиз охират заҳираси бўлса бас!

Яна битта гап: Пиар деган нарсага муҳтожлигим ҳам йўқ!

Ҳурмат билан бир ҳовуч "каттакон" эмас, оддий элим ҳам бой бўлсин, деган, юртим бошқалар ҳавас қиладиган озод ва обод диёр бўлсин, деган, шу ишга қўлидан келганича ҳисса қўшишни, "миллат дардига дармон бўлиш"ни истаган Каримберди Тўрамурод.

P.S: Кейин эсимга тушиб қолди. Илтимос, имкон қадар кўпроқ дўстларингизга улашинг!

P.S 2: Менга маслаҳат беришаётганларидек, яна таҳдид бўлса, судга мурожаат қиламан! Ўзимнинг ҳам сабрим тугади!”

Журналистнинг, ижодкорнинг вазифаси ҳақни халққа эълон қилиш эмасми? Не ажабки, ижодкор эл дардини қаламга олди ва унга “КамАЗ уриб кетиши билан таҳдид қилинмоқда”. Бу тубанликларни уюштираётганлар кимлар? Улар давлатнинг жазосидан, Яратганнинг қаҳридан қочиб қутуламан, деб ўйлашмоқдами? Бу саволларга ҳозирча жавоб йўқ, аммо бир кун сирлар очилиши тайин.

Бизнинг журналистикамиз узоқ йиллар карахт алфозда яшади. “Яшади”, десак ноўрин бўлади, “кун кўрди”. Бундан 20-25 йиллар муқаддам кўз очган дадил журналистларимизнинг бири ишидан четлаштирилди, яна бирига туҳмат уюштирилди, бошқаси панжара ортига жойланди. Оқибат шу бўлдики, омма журналист деганда ватанпарварни эмас, бир оддий маддоҳни англайдиган даражага етиб келди.

Хайриятки, сўнгги икки йил ичида журналистикамизда анчагина жонланиш кузатилмоқда. Дадил журналистлар ва ижодкорлар эл дардини тилга олиб халқ ишончини қозонмоқда. Шуларнинг орасида таниқли ёзувчи, киносценарист Каримберди Тўрамуроднинг фаоллиги эътиборга лойиқ.

Sof.uz сайти ёзувчига бўлаётган таҳдидлар билан ўқувчини асло чўчитишга уринмаётир. Балки юртимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришларни истамаётган турли касларнинг илдизига болта уриш бугун нақадар долзаб масалага айланаётганлигини яна бир бора эслатиб ўтамиз. Зотан бугун журналистга бўлаётган тазйиқларга кўз юмсак, кечаги кунни бошқатдан ўташга маҳкумдирмиз.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан