Россиядаги фожиа бизга дарс бўлдими?

27.03.2018 | Блог | 2641

25 март куни Россиянинг Кемерово вилоятидаги тўрт қаватли «Зимняя вишня» савдо-кўнгилочар марказида ёнғин содир бўлди. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, олов бир нечта кинозал ва аттракционли ўйин майдонлари жойлашган энг юқори қаватда келиб чиққан, деб ёзмоқда UZ24 нашри.

Натижада ўт 1600 квадрат метр майдонни эгаллаб олган, учинчи ҳамда тўртинчи қават ўртасидаги том ва шифт қулаб тушган. Ҳодиса сабаби ҳозирча номаълум, тахминларга кўра олов электр тармоқларидаги нуқсонлар туфайли келиб чиққан. 

Ёнғин оқибатида 64 киши ҳалок бўлди, улардан 41 нафари болалар. Кемеровода уч кунлик мотам эълон қилинди.

Шу муносабат билан тошкентликлар Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси олдига Кемерово фожиаси қурбонлари хотираси учун таъзия белгиси сифатида гуллар, шамлар ва ўйинчоқлар келтиришмоқда.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар томонидан ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва рус халқига ҳамдардлик билдирилган постлар қолдирилмоқда.

Доим одамлар билан гавжум бўладиган, ота-оналар ва болалар дам олиш учун ташриф буюрадиган биноларда бу каби фожиаларнинг юз бериши оғир мусибат, албатта. Шу ўринда, табиийки, пойтахтимизда жойлашган йирик савдо-кўнгилочар марказларида ёнғин хавфсизлиги бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар қай даражада эканлиги билан қизиқдик. Ваҳоланки, улар пойтахт аҳолиси ва шаҳар меҳмонлари энг кўп ташриф буюрадиган масканлардир.

Шу мақсадда Тошкент шаҳридаги йирик савдо кўнгилочар марказлари билан боғланиб, ёнғин хавфсизлиги бўйича ишлаб чиқилган чоралар ҳамда Кемерово фожиасидан сўнг қўшимча равишда ўтказилаётган тадбирлар тўғрисида маълумот олинди.

«Савдо-кўнгилочар марказимизда ёнғин хавфсизлигига амал қилиш, фавқулодда вазиятлар юзага келган ҳолатларда қандай йўл тутиш борасида режали чора-тадбирлар ишлаб чиқилган, – дейди Samarqand Darvozaмуассасасининг Ёнғин хавфсизлиги ва техник хавфсизлик бўйича муҳандиси Азиз Тўраев. Масканда бу каби ҳолатлар юзага келганда зудлик билан сигнализация тизими ишга тушади ва бу тизим доимий назоратда. Шунингдек, бино бўйлаб фуқароларни огоҳлантирувчи махсус товушли мосламалар ўрнатилган. Ҳар бир қават ёнғин ўчириш анжомлари билан таъминланган».

Унинг таъкидлашича, савдо-кўнгилочар марказида 15 кишидан иборат кўнгилли ёнғин ўчириш гуруҳи ташкил этилган бўлиб, улар ноҳуш ҳолатлар юзага келган вақтларда дарҳол ёнғинни бартараф этиш, фуқароларни режали асосда бинодан эвакуация қилиш сингари вазифаларга масъул. Ушбу гуруҳ аъзолари ҳар олти ой давомида қайта ўқиб, ўз малакаларини ошириб боришади, турли амалий машғулотлар ўтказишади.

«Кемеровода юз берган фожиадан сўнг, мажмуадаги ёнғин хавфсизлиги чоралари янада кучайтирилди, ўтган икки кун давомида назорат тадбирлари ташкил этиб, бинони тўлиқ кўздан кечириб чиқмоқдамиз», – дея қўшимча қилади А. Тўраев.

Mega Planet савдо-кўнгилочар маркази директори ўринбосари Аҳмадхон Сайфуллаевнинг маълум қилишича, бугун марказ маъмурияти томонидан бинода ёнғинга қарши ҳимоя тизими ва ёнғинни ўчириш воситалари ҳолати қайта текшириб чиқилган. Ходимлар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, фавқулодда юз берадиган ҳолларда қандай харакатланишлари, хар бир иштирокчининг вазифалари қай даражада бўлиши лозимлиги яна бир бор қайта ўрганиб чиқилди, уларнинг ҳар бирининг фаолият юритаётган ҳудудига жавобгарлиги кучайтирилди.

«Бизда ҳимоя тизими қаттиқ назорат қилинади. Ёнғин хавфсизлиги талабларининг бузилишига йўл қўйилмайди. Ёнғин ва турли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида бино ертўласида жойлашган автотураргоҳга газ баллон ўрнатилган автомобиллар кириши тақиқланган. Ташриф буюрувчиларнинг кириши доимий текширилиб, портловчи, кесувчи, заҳарловчи моддалар олиб кирилишига рухсат этилмайди.

Муассасалар вакилларининг сўзларига кўра, савдо-кўнгилочар марказларининг барча ходимлари ёнғин ва фавқулодда ҳолатларда қандай йўл тутиш зарурлиги борасида махсус йўриқномалар билан таништириб ўтилган.

Next савдо-кўнгилочар мажмуасига телефон орқали мурожаат этганимизда, мажмуа ходими раҳбарият рухсатисиз саволларга жавоб бера олмаслигини маълум қилди.