Тошкентда ЙПХ ва ППХ ходимларига тан жарохати етказганлар қўлга олинди

28.03.2018 | Жамият | 2556

Тошкент шаҳрининг Миробод туманида 25 март соат 23:30 ларда, Тошкент шаҳар ИИББ ЙПХ инспектори, кичик сержант Э.Эргашев ва ИИББ ЖЦБ ППХ бригадаси ҳайдовчиси, сафдор Б.Исроиловлар А.Фитрат кўчасида хизмат олиб бораётган вақтларида, шу кўчада шовқин солиб ҳаракатланиб келаётган иккита Lacetti русумли автомашинани тўхтатгани, машина ичидаги йўловчилар инспекторларнинг талабларига бўйсунмай, уларга тан жароҳати етказган. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Lacetti’лардан бирини 1991 йилда туғлган С.Мустафина, иккинчисини 1992 йилда туғилган К.Мираҳмедов бошқариб келаётган бўлган. С.Мустафина автомашинага тегишли ҳужжатларни тақдим қилаётганида иккала автомашинада маст ҳолда бўлган йўловчилар, 1990 йилда туғилган М.Фрейбергер, 1995 йилда туғилган Р.Мираҳмедов, 1994 йилда туғилган Д.Маҳмудовлар ЙПХ ходимларининг олдига келиб фаол қаршилик кўрсатганлар.

Ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган ИИББ ППХ ва ЖЦБ ППХ бригадаси сафдори К.Ҳамидов ва кичик сержант З.Жўраев ёрдамга келган. Бироқ, қоидабузарлар уларнинг ҳам қонуний талабларига бўйсунмай ,қаршилик кўрсатиб, сафдор К.Ҳамидов ва кичик сержант З.Жўраевларнинг бош ҳамда юз қисмларига қўллари билан уриб, жароҳат етказган. Натижада сафдор К.Ҳамидов ва кичик сержант З.Жўраев ЎзР ИИВ Марказий госпиталига ётқизилган. Кўрилган чоралар натижасида М.Фрейбергер, Р.Мираҳмедов ва Д.Маҳмудовлар ушланган.