Тўй-ҳашамлар бўйича Сенат қарори аввал муҳокамага қўйилганидан фарқ қилади

31.03.2018 | Ўзбекистон | 4915

Олий Мажлиси Сенатининг 14-ялпи мажлисида «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарор лойиҳасига оид масала кўриб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Мазкур лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилгач, аҳоли томонидан кўплаб фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Ижтимоий тармоқларда 1,6 миллион фойдаланувчи томонидан ўқилган, кўплаб фикр-мулоҳазалар баён этилган.

Оилавий маросимларни ихчамлашлаштиришга оид ғояни кўпчилик қўллаб-қувватлаётган бўлса-да, бу борада турли баҳс-мунозалар ҳамон давом этмоқда.

Шу боис ушбу масала юзасидан маъруза қилган Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Гавҳар Алимова Сенат қарорини янада такомиллаштириш, бу борада Республика комиссиясини тузишга оид қўмита таклифини билдирди.

«Оилавий маросимлар билан боғлиқ Сенат қарори лойиҳасини такомиллаштиришда тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари фаол иштирок этиши, ҳар бир ўзбекистонликнинг ушбу масала юзасидан фикри эшитилиши зарур», — деди Г. Алимова.

Сенатор ўз чиқишида Тошкент шаҳрида йилига 18-19 минг никоҳ қайд этилиши, лекин уларнинг 20-25 фоизи тўйлардаги ортиқча дабдабалар оқибатида ажримлар билан тугаётганини айтиб ўтди.