Уяли алоқа операторлари орасида частоталар тенг тақсимланди

01.04.2018 | Технологиялар | 2841

Ушбу йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистондаги барча уяли алоқа компаниялари янги частоталар режасига кўра ишлай бошлайди.

Бир неча йил давом этаган музокаралар ва тортишувлардан сўнг Ўзбекистонда энг йирик бўлган уяли алоқа оператори Beeline фақат ўзи фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган частоталарнинг бир қисмини Ucell, UMS ва Uzmobile компаниялари орасида тақсимланди.

Бугундан бошлаб кучга кирган ҳужжатга кўра, Ucell, UMS ва Uzmobile операторлари 900 ва 1800 МГц частоталар диапазонида нафақат “овоз стандарти” бўлган 2G алоқа тизимини, балким 3G ва 4G алоқа тизимларини ҳам ривожлантириш ҳуқуқига эга бўлишди. Бу ҳатто узоқ қишлоқларда ҳам тезкор интернет хизматини йўлга қўйиш имконини беради.

“Янги радиочастота каналларига ўтиш – бу соҳа бошқарувчисининг мослашувчан ва прогрессив ёндашувининг ажойиб намунасидир. Алоқа соҳасидаги узоқ йиллик шахсий тажрибамга асосланиб шуни айтишим мумкинки, частоталарни қайта тақсимлаш – узоқ муддатли тайёргарлик ва барча даражадаги жараёнларда иштирокчиларнинг яқин ҳамкорлигини талаб қиладиган ўта мураккаб лойиҳадир. Бу, шунингдек, абонентлар учун ишонч ва масъулият масаласи ҳамдир”, — деди Beeline бош директори Дмитрий Шуков.

Олдин белгиланганидек, 31 март куни Beeline 900 ва 1800 МГц диапазонлардаги частоталарнинг 47%идан бошқа уяли алоқа операторлари фойдасига воз кечди. Олдиндан кўрилган тайёргарлик ва сотиб олинган янги тармоқ ускуналари туфайли, абонентлар учун ушбу жараён сезиларсиз ўтди. Яқин орада бошқа уяли алоқа операторлари ҳам радиочастоталарни янгилаш бўйича амалиётларни ўтказиши керак бўлади.

Билайн директори сўзларига кўра Ахборот технологиялари вазирлиги томонидан эришилган ушбу ютуқ – соҳада ўзаро муроса барчага фойда келтириши мумкинлигини кўрсатди. Бундан энг катта ютуқ эса, албатта – фойдаланувчиларга тегишли бўлади.  

“Ахборот технологиялари вазирлиги билан эришилган муросага асосан, биз частоталар ўзгариш жараёнига яхши тайёргарлик кўра олдик ва бу бизнинг 10 миллион абонентларимиз учун деярли сезилмади. 900/1800 частоталарида технологик нейтралитет берилиши бу телекоммуникацияларни ривожлантириш соҳасида эришилган улкан ютуқдир. Ишончим комилки,  яқин ойлар ичида бу LTE ахборот узатиш хизматларини кенгайтиришга олиб келади”, — деди Шуков.