ОТМ қабул комиссиясига ҳужжатларни топшириш тартиби ўзгариши мумкин

02.04.2018 | Илм-фан | 3012

Жорий йил Тошкент давлат юридик университетига кириш давлат имтиҳонлари учун ҳужжатлар синов тариқасида республиканинг барча туманларидаги Давлат хизматлари марказларида қабул қилиниши йўлга қўйилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов хабар бермоқда, деб ёзади Kun.uz нашри.

«Жорий йил Тошкент давлат юридик университетида ўқиш истагини билдирган абитуриентлар ўзлари истиқомат қилиб турган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказлари орқали ОТМ қабул комиссиясига ҳужжатларни топшириши мумкин. Ушбу лойиҳа кўлами келгуси йилда кенгайтирилиши ва ҳамма абитуриентлар туманидан чиқмаган тарзда ўзи танлаган олий таълим муассасасига ҳужжат топшириши мумкин бўлади», дейди вазир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг XIV ялпи мажлисида.

Маълумот учун, давлат хизматларининг ҳар бир тури бўйича «Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади» тамойилига кўра Давлат хизматлари марказлари жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади.