9 йиллик танаффусдан сўнг Тожикистон Ўзбекистонга электр энергияси етказиб беришни бошлади

03.04.2018 | Ўзбекистон | 2475

2 апрель куни Тожикистон Ўзбекистонга электр энергияси етказиб беришни бошлади. Кеча кечқурун Тожикистоннинг Регар подстанциясидан Ўзбекистоннинг Гулча подстанциясига электр узатиш тармоғи ишга туширилди.

ASIA Plus нашрининг Тожикистон ҳукумати масъулига таяниб тарқатган хабарига кўра, Тожикистондан Ўзбекистонга етказиб бериладиган электр энергиясининг ҳажми йилига 1,5 миллиард киловатт/соатни ташкил этади.

Аввалроқ, Тошкент ва Душанбе мазкур электр энергиясининг нархи бўйича келишувга эришгани ҳақида маълум қилинганди. Унга кўра, ёз мавсумида Ўзбекистон Тожикистон электр энергиясининг ҳар бир киловаттига 1 центдан (80 сўм), қишда эса 2,5 центдан (200 сўм) тўлайди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги энергетика тизими 9 йиллик танаффусдан сўнг қайта тикланди.

Маълумот учун, Ўзбекистондаги электр станциялари томонидан ўтган йилда 60,7 млрд. киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Шунингдек, Қирғизистондан 1,2 млрд. киловатт/соат электр энергияси импорт қилинган.