Сенатор Содиқ Сафоев журналист Бобомурод Абдуллаевнинг суди борасида ўз фикрларини билдирди

03.04.2018 | Ўзбекистон | 3588

Тошкентга борган New York Times газетаси мухбирлари билан учрашган Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев журналист Бобомурод Абдуллаев устидан бораëтган суд жараëнининг адолатли бўлишини ваъда берган.

New York Times газетасида 2 апрель куни чоп этилган мақолада Содиқ Сафоевнинг: “Абдуллаев устидан суд эркин ва адолатли бўлади”¸ деган гапларидан иқтибос келтирилган.

Газета мухбири билан суҳбатда  Содиқ Сафоев¸ Бобомурод Абдуллаев ўтган йилнинг сентябрь ойида қамоққа олинганда унга нисбатан зўравонликлар бўлганини эътироф этган. Айни пайтда¸ бугунга келиб вазиятнинг ўзгарганини қўшимча қилган сенатор.

Маълумот учун, Бобомурод Абдуллаев 2017 йилнинг 27 сентябрида уйидан олиб кетилган, 1 октябрь куни Юнусобод туман суди уни 10 кун муддатга ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган.

Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида хориж нашрларида чиқишлар қилган журналист Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси 4-қисми бўйича (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) айбланган.

Кейинроқ, октябрь ойида унинг шериклари сифатида Ҳаётхон Насриддинов, Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёров қўлга олинган.

«Усмон Ҳақназаров» тахаллуси билан сиёсий мақолалар интернет нашрларида 2003 йилдан пайдо бўлган. Муаллиф бундай мақолаларида Ўзбекистондаги коррупция ҳолати ва сиёсий репрессиялар ҳақида ёзган. Бобомурод Абдулла тахаллусида ҳам ижод этган журналист охирги йилларда қалами ўткир спорт журналисти сифатида танилган.

Журналист ҳибсга олингач, дастлабки ҳафталардаёқ тергов жараёнида қийноқлар қўллангани ҳақидаги хабарлар юзага чиқди. Февраль ойида Human Rights Watch расмий сайтида Ўзбекистон ҳукуматидан журналистнинг қийноққа солиниши ўрганилиши сўралган мақола эълон қилинди. Унда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бошқа ташкилотлар, хусусан, Amnesty International, Freedom Now, Article 19, Freedom House, Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (The Association for Human Rights), Фуқаровий ҳуқуқлар ҳимоячилари (Civil Rights Defenders), Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (The Committee to Protect Journalists), Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти (Internation Partnership for Human Rights), Норвег Хельсинки қўмитаси (The Norwegian Helsinki Committee), Чегара билмас журналистлар (Reportes Without Borders), Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ўзбек-немис форуми (The Uzbek-German Forum for Human Rights) Ўзбекистон ҳукуматини «журналист Бобомурод Абдуллаевга нисбатан қўлланган қийноқлар юзасидан  холисона ва мустақил текширув ўтказиш»га чақирди.

Февраль ойи охирида Бобомурод Абдуллаев иши бўйича март ойида суд иши бошланиши маълум қилинди. 7 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Зафар Нурматов раислиги ва халқ маслаҳатчилари иштирокида Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насриддинов, Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаевга нисбатан суд иши жиноят ишлари бўйича очиқ суд мажлиси бошланди.

Бобомурод Абдуллаев 26 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида ўтказилган суд мажлисида ўзини «Усмон Ҳақназар» эканини тан олган.

У судда берган кўрсатмасида хатоларга йўл қўйганини ҳам эслаб ўтган. «Иноятовни оғир бетоб, деб адашдим. Маълумотни текшириб кўрмай, мақолани эълон қилдим. Аммо, МХХ раиси собиқ ўринбосари Ш.Ғуломовнинг қилмишлари ҳақидаги сўзларим ўз исботини топдику. Ёки Гулнора Каримова иши бўйича ёзганларим шундай якун топди», деб ўзини оқлашга уринган Абдуллаев.

28 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди биносида қонун олдида ўз қилмишига жавоб беришга тайёрлигини билдирган.