Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг беваси Татяна Каримова жамоатчилик олдида кўриниш берди

04.04.2018 | Ўзбекистон | 2899

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида мамлакат олий ўқув юртлари талабалари ўртасида ўтказилган иншолар танлови ғолибларини тантанали тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди томонидан ташкил этилган ушбу тадбирга ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, маънавият тарғиботчилари, олий ўқув юртлари профессорлари, талаба ёшлар, уларнинг ота-оналари таклиф этилди.

Иштирокчилар дастлаб, Биринчи Президент ҳайкали пойига гуллар қўйди, Ислом Каримовнинг 80 йиллигига бағишланган «Бутун оламни жо қилган юрак» номли кўргазма экспозицияси билан танишди.

Мазкур фонд бошқаруви раиси Б.Убайдуллаев, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбарининг илмий-ижодий фаолият бўйича ўринбосари Т.Қўзиев, фонд васийлик кенгаши аъзоси, Биринчи Президентнинг рафиқаси Т.Каримова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, публицист А.Мелибоев, «Ўзбекистон овози» газетаси бош муҳаррири С.Остонов ва бошқалар ёшларни мустақилликни асраб-авайлаш, ватанпарварлик, фидойилик, юртга садоқат руҳида тарбиялашга доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

22 январдан 22 февралга қадар ўтказилган танловда олий таълим даргоҳлари талабалари фаол иштирок этди. Тарихчи, сиёсатшунос, филолог олимлардан иборат махсус комиссия томонидан иншолар кенг ва атрофлича ўрганиб, таҳлил этилди. Тақдим этилган ишларда фикр равонлиги, мавзунинг тўлиқ очилгани, ўзига хослиги, мавзуга оид факт ва мисоллар ўринли эканига асосий эътибор қаратилди.

– Ғолибларни аниқлаш жуда қийин бўлди, – дейди «Ўзбекистон овози» газетаси бош муҳаррири Сафар Остонов. – Ҳар бир иншода Биринчи Президентимизга ёшларимизнинг меҳри, ҳурмати ва эҳироми уфуриб тургани эътиборга моликдир.

Танлов натижасига кўра, биринчи ўринга Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бешинчи курс талабаси Отабек Акромов муносиб топилди. Иккинчи ўринни Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг бешинчи курс талабаси Малика Шорустамова эгаллади. Учинчи ўринга Тошкент давлат юридик университетининг тўртинчи курс талабаси Нурбек Тошканов сазовор бўлди.

Шунингдек, ўн етти нафар талаба рағбатлантирувчи ва пул мукофотлари билан тақдирланди.