Қўқонда "қотил-она" қўлга олинди (видео)

05.04.2018 | Жамият | 3383

Қўқонлик аёл ўз фарзандининг қотиллигида гумонланмоқда, деб хабар қилди Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизмати.

Хабарда айтилишича, 2018 йил 2 апрель куни Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида Туркистон кўчасида жойлашган "Тошкент-Қўқон" йўналиши бўйича қатновчи автомашиналар турар жойи олдидаги дарахт тагидан 3-4 ёшлардаги ўғил боланинг жасади топилган.

Андижон вилояти Қўрғотепа тумани Маъмуробод қишлоғи истиқомат қилувчи Саидахон Тиллаволдиева ўзининг 2015 йил 4 ноябрда туғилган ўғли Фирдавсбек Иброҳимжоновни бўғиб ўлдирган. Жиноятни яшириш мақсасида қотил она боланинг жасадини арча тагига яшириб қўйган.

Айни кунларда мазкур жиноят бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Саидахон Тиллаволдиева турмушидан ажрашиб, ота уйида яшай бошлаган. Жорий йилнинг 23 март куни эса оилавий низо туфайли 3 ёшли ўғли билан ота уйини тарк этиб, вақтинча ишлаш мақсадида Тошкент шаҳрига боради. Лекин фарзанди билан ўзига мос иш топа олмайди. 2 апрель куни у фарзанди Фирдавсни вақтинча қараб туриши учун таниши Ж.Уга қолдириш мақсадида Тошкентдан Учкўприк туманига келади. Таниши Ж.Уни топа олмагач, йўналишли автобусда Қўқон шаҳрига келиб, «Қўқон–Тошкент» автобекати ҳудудида ўғлини бўғиб ўлдиради ва ишлаш мақсадида яна Тошкент шаҳрига қайтади.