Сергелида қурилган арзон уй-жойлар эгаларини қийнаётган муаммолар қайси ҳокимга тегишли?

06.04.2018 | Жамият | 2817

Пойтахтимизнинг Сергели туманида барпо этилган арзон кўп квартирали уй-жойлардан квартира сотиб олган фуқаронинг мурожаатига қараганда, ушбу уй-жойларга аҳолининг биронтаси ҳали-ҳануз пропискага қўйилмаган, буни мутасаддилар турли сабаблар билан пайсалга солиб келмоқда. Бундан ташқари, квартирага эгалик қилиш ҳуқуқи тўғрисида бирор кишига ҳужжат ҳам берилмаган, деб ёзади «Оила даврасида» газетаси.

ПУЛИ ТЎЛАНГАН, НАРХИ НОМАЪЛУМ...

— Сергели тумани 6-А массивидаги янги қурилган уйлардан уч хонали квартира харид қилганмиз, — дейди 9-уй 5-хонадон соҳиби Жаҳонгир Бадалов. — Ўтган йилнинг ноябрь ойида кўчиб ўтдик. Лекин орадан деярли беш ой ўтди ҳамки, ҳали-ҳануз ўз хонадонимизга пропискага қўя олмаймиз. Шунча вақтдан бери Сергели туман ҳокимлиги, Олмазор туман ҳокимлиги (кўчиб келган жойи), «Ипотека банк»га мурожаат қилдик. Бироқ минг афсуски, улардан бир хил — «Уйларнинг нархи ҳали тўлиқ шакллантирилмаган, нарх-навоси аниқ бўлгач, рўйхатга қўйиш учун рухсат берилади», деган жавоб оламиз. 

Жаҳонгир Бадалов уч хонали квартира олиш учун бошланғич бадал сифатида 56 миллион 142 минг сўм маблағни Олмазор туманидаги «Ипотека банк» филиалига тўлаган. Ўша пайтда банк ходимлари квартиранинг бир квадрат метрини 2 миллион 685 минг 400 сўмдан ҳисоблаган. Лекин ҳозир улар уйнинг таннархи ўзгаришини айтмоқда. Ваҳоланки, дастлабки тўлов амалга оширилганда уйнинг нархи сезиларли даражада ўзгармаслиги айтилган, ваъда қилинган.

— Бу масалада бир неча маротаба банкка мурожаат қилдим, — дейди Жаҳонгир ака. — Лекин ҳар сафар фойдасиз. Топиб олган гапи битта — «уйларнинг нархи ҳали шакллантирилмаган». Шундан кейин Сергели туман ҳокимлигидан ёрдам сўрадим. Афсуски, туман ҳокими бу масалада ёрдам бера олмаслигини, олдин яшаган ҳудудим — Олмазор туман ҳокимлигига мурожаат қилишим кераклигини айтди. Унинг айтишича, уйни менга шу туман ҳокими берган. Шунинг учун прописка масаласини ҳам у ҳал этиши лозим эмиш. Олмазорга борганимда эса туман ҳокимлигидагилар бу ердан кўчиб кетганим боис яшаётган туманимдаги ҳокимликка мурожаат қилишим зарурлигини таъкидлади.

Хуллас, отангга бор, онангга бор қабилидаги ишлардан чарчадик. Шу муаммо деб наинки мен, бутун массив аҳолиси ҳали-ҳануз ўз уйига эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ордер ололмаяпти. Ордер бўлмагач эса уйни Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри Сергели филиалида рўйхатдан ўтказишнинг имкони йўқ.

ПАСТИ БОШҚА, ЮҚОРИСИ БОШҚА

Мазкур хонадонлардан бирида истиқомат қилувчи Сирожиддин Жамоловнинг айтишича, 9-уй билан 13-уй орасида ер билан осмонча фарқ бор. 13-уйнинг барча жиҳозлари сифатли. Ваҳоланки, уларнинг ҳаммаси бир хил тип ва нархда. Бундан ташқари, 9-уйнинг ташқи деворларидаги бўёқлар ҳали бир йил бўлмасдан тўкилишни бошлаган.

— Шахсан ўзим яшаётган хонадондаги иситиш қурилмасидан сув томиб ётибди. Қурилиш фирмасининг иш бошқарувчисига айтсам, у «уйни қўл қўйиб қабул қилиб олгансиз, кам-кўстини ўзингиз қилиб олаверинг», деди. Ҳолбуки, «биронта кам-кўсти бўлса, албатта, тўғрилаб берамиз», дея ваъда беришган эди, — дейди Сирожиддин Жамолов.

Бир хил уйлардаги биринчи билан олтинчи қаватдаги уч хонали хонадоннинг квадрат метрида ҳам яхшигина фарқ бор. Масалан, 10-уйнинг олтинчи қаватидаги хонадон ваннаси биринчи қаватдагидан анча кичкина, қайд этилади мақолада.

ДОРИ ДАРДИДАГИ ДАРДМАНДЛАР

Сергели 6-А массивида беш ойдан бери истиқомат қилаётган аҳолининг сўзларига қараганда, бу ерда ҳали-ҳануз на маҳалла фуқаролар йиғини, на маҳалла раиси бор. Бунинг оқибатида ногиронлиги бор шахслар давлат томонидан бепул бериладиган дори-дармонларни ҳам ололмаяпти. Чунки кўчиб келган туманидаги шифохона у ердан рўйхатдан чиқарганини айтган.

Оилавий поликлиника шифокорлари эса ҳали рўйхат шакллантирилмагани, уларга ҳеч қандай махсус таблеткалар келмаганини важ қилишдан нарига ўтмайди. Икки ўртада муҳтож ногиронлар азият чекмоқда. Шу боис массивдан уй олганлар қанчалар аламли ва оғир бўлмасин, хонадонларнинг кам-кўстига ҳам рози. Улар фақат тезроқ ўз хонадонига эгалик қилиш ҳуқуқи берилишини интиқлик билан кутмоқда. Энг катта дарди шу…

ВАҚТИНЧА ИШЛАГАН МАКТАБ

Мазкур янги массивда 630 ўринли 55-умумтаълим мактаби қурилган. Эслатиб ўтамиз, Сергели туманидаги янги ҳудуд фойдаланишга топширилгач, шахсан давлатимиз раҳбари бу ерга ташриф буюриб, аҳолига яратилган шароит ва қулайликлар билан яқиндан танишган эди. Ҳудуддаги 55-сонли умумтаълим мактаби ҳам шулар жумласидан. Бу хушхабар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Маҳаллий телеканалларимизда эфирга узатилган тасвирларда айнан шу мактабнинг ишга туширилгани, шу ҳудуддаги болалар ўқитилаётгани ҳақида лавҳалар берилди. Аммо... Бу ерда истиқомат қилаётганларнинг айтишича, 55-сонли мактаб бор-йўғи икки ой, номигагина ишлабди, холос. Орадан икки ой ўтиб, бу маскан ҳеч қандай сабабсиз ёпиб қўйилган ва ўқувчилар аввал таҳсил олаётган мактабларига қайтарилган. Бундан ҳайратланган Жаҳонгир Бадалов 2018 йил 13 февралда Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилган. Орадан бироз вақт ўтиб, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи А.Мамаджонов имзоси билан қуйидагича жавоб хати келган: «Сергели туманида янги ташкил этилаётган 55-сонли умумтаълим мактабини Давлат комиссияси томонидан қабул қилиш жараёни якунланмагани муносабати билан мактаб ҳозирда иш фаолиятини бошламаганини маълум қиламиз. Шунингдек, Бош бошқарма сизга фарзандларингизни мактабга жойлаштириш масаласида яшаш ҳудудингизга яқин бўлган мактаб маъмуриятига ҳамда мурожаатингизда кўрсатилган яшаб турган уйингиздаги муаммолар юзасидан Сергели туман ҳокимиятига мурожаат қилишингизни тавсия этади».

Шу ўринда бир мулоҳаза. Хўп, янги мактабни давлат комиссияси қабул қилиб олмаган экан, бошқа мактабдаги ўқувчиларни икки ой давомида сарсон қилиб, бу ерда судраб юришдан нима маъно? Ёки бу кимнидир алдаш, кўзбўямачилик қилишми? Ахир шу мактабда икки ой бўлса-да, таҳсил олган ўқувчилардан келажакда мамлакатга нафи тегадиган кадрлар етишиб чиқади-ку! Улар ҳозирдан бундай сохталикни кўриб улғайса, эртага улар ҳам худди шу йўлни тутмайдими?