Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Фарғона вилоятида эшак сўйиб сотган яна бир қассоб қўлга тушди
9.04.2018 09:53,  
48

Фарғона вилояти Данғара туманида фаолият юритувчи қассоблардан бири эшак гўшти сотиш билан шуғуллангани фош бўлди. Бу ҳақда, Muloqot TV телеканалига асосланиб, «Kun.uz» маълум қилди.

Маълум бўлишича, Содиқжон Ботиров Данғара туманида қорамол олиб сотиш савдоси билан шуғулланиб келган. Шу билан бирга у ўз хонадонида қорамол ва қўйларни сўйиб, аҳоли истеъмоли учун тарқатган. Лекин у ўз уйида эшакларни ҳам сўйиб, гўштларни турли савдо нуқталарига сотгани маълум бўлди. Данғара туман ИИБ томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Содиқжон Ботиров эшак гўштини олиб кетаётган автомашина тўхтатилган.

«Ботиров Содиқжон Урайимович бошқарувидаги автомашина тўхтатилиб, текширилган вақтда машина юкхонасида гўшт маҳсулотлари борлиги аниқланган. Бу маҳсулотлар шубҳа туғдиргани сабабли, текшириб кўриш учун далилий ашё сифатида олинди. Данғара туман ветеринария бўлими томонидан берилган 107 - рақамли хулосага кўра бу эшак гўшти экани аниқланган», — деб изоҳ берди туман ИИБ терговчиси Фурқатжон Сиддиқжонов.

Телеканал томонидан тайёрланган репортаж давомида Данғара туман ветеринария бўлими мутахассиси Акрамжон Маткаримов эшак гўштини инсон организми учун ўта хавфли касалликлар юқтириши ҳақида маълумот берган бўлса, Қўқон шаҳар бош имом хатиби Абдумажид ҳожи Исақов ислом динида эшак гўштини мол гўштига аралаштириб сотиш жуда катта гуноҳ эканлигини айтиб, уни ҳалол дея билмасдан еган ва фарзандларига едирган одамларларнинг гуноҳи ўша гўштни сотган кишига бўлиши, демак, у киши минглаб одамларни гуноҳини бўйнига олгани ҳақида ўз фикрини билдирган.

«Мол бозоридан мол олиб келиб сўйиб, бозорда гўштини сотаман. Охирги сафар икки эшак ҳам олиб келиб, уйимда сўйиб мол гўштига аралаштирдим. Гўштни 16 мингдан сотардим. Эшак гўштини аралаштирсам, сал фойда бўлармикин деб шу ишга қўл урибман», — деди Содиқжон Ботиров.

Содиқжон Ботиров Ўзбекистон Республикаси Маъмурий кодексига кўра тегишли жазога тортилди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан