Шавкат Мирзиёев илм-фан сўнгги 25 йилда эътиборсиз қолганини тан олди

09.04.2018 | Илм-фан | 2557

1990-йилларда Ўзбекистонда илм учун шароитлар ҳозиргидан 100 карра яхшироқ эди. Бу ҳақда жума куни президент Шавкат Мирзиёев Ўсимлик моддалари кимёси институтига ташрифи вақтида маълум қилди.

Давлат раҳбарининг қайд этишича, бугунги кунгача мамлакатда илм-фан учун зарур шароитлар яратилмади. Эндиликда Ўзбекистонга жалб қилинаётган инвестицияларнинг бир қисми илм-фанни ривожлантириш ва кадрлар тайёрлашга йўналтирилади.

«Албатта, дунёда ҳамма нарса нисбий зўр, лекин 32 миллион халққа нисбатан умуман ривожланиш йўқ, десак, бу адолатдан бўлади. Илмдаги 90-йиллардаги шароитимиз ҳозиргига нисбатан юз карра яхши эди. Бизда ҳамма соҳада база, илм, методика бор эди, ёшлар интилар эди. Ҳамма фан номзоди бўламан деб ҳаракат қилар эди», — деди давлат раҳбари.

«Ўзимизнинг халқимизнинг эртасини ўйламадик, ёшларимизнинг илмга интилишига шароит яратмадик, десак, бу тўғри бўлади, — дея давом эттирди у. — Ўзбекистонга келган 100 долларнинг 10 доллари илмга, 5 доллари илмни тайёрлашга кетиши керак».

Нима учун Инновация вазирлигини ташкил қилдик? Инновация вазирлиги сизларга кўмак бериб, инвестицияни олиб келиб, маҳсулотларингизни бозорга олиб чиқадиган кўприк бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.

Инновацион ривожлантириш вазири ўринбосари Шерзод Шерматов Facebook орқали давлат раҳбарининг чиқишига изоҳ берар экан, «йиғилишда қайд этилган ушбу масала жуда ҳам долзарб. Афсуски, бу йўналишда биз кўп нарсаларни бой бердик. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда илмий-тадқиқот фаолиятига ажратилаётган маблағлар улуши ЯИМнинг 0,2 фоизидан камроқни ташкил этади. Бу жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан 11 баробар, Жанубий Кореядагига нисбатан эса 22 баробар кам демакдир».

«2014 йилда Кореяда ЯИМ 1411 млрд долларни ташкил этган ўлса, илмга ажратилган жами маблағ миқдори 60 млрд доллардан зиёдроқни (қарийб Ўзбекистоннинг жами ЯИМ) ташкил этган. Бу Ўзбекистонда илмга ажратилаётган маблағдан 485 марта (!) кўп (124 млн доллар, яъни 63 млрд долларлик ЯИМнинг 0,2 фоизи)… 2018 йилги давлат бюджети параметрларида илмга жами 48 млн доллар (389 млрд сўм) ажратиш кўзда тутилган», — деб ёзади вазир ўринбосари.