Ўзбекистон шаҳарларида автомобиль тезлиги кескин пасайтирилиши мумкин

10.04.2018 | Ўзбекистон | 2634

Ўзбекистон шаҳарларида ва аҳоли пунктларида рухсат берилган максимал тезлик йил охиригача 70 дан 60 км/соатгача пасайтирилиши мумкин. Бу жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган, 2018—2022 йилларда мамлакатда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси лойиҳасида кўзда тутилган, деб ёзади «Газета.uz».

Ўзбекистонда амалда бўлган Йўл ҳаракати қоидалари турар жой зоналари ва уларга ёндош ҳудудларда тезликни 30 км/соат этиб чеклайди, аммо белгилар, ҳаракатни секинлаштириш воситалари ва назорат йўқлиги сабабли ушбу талаб кўпинча бузилади. Ўзбекистонда мактаб ва боғчалар яқинида тезликни чеклаш бўйича талаблар йўқ, ҳудудлардаги маҳаллий ҳукумат ушбу масалани мустақил тарзда назорат қилади.

Ўзбекистон Йўл ҳаракати қоидалари маҳаллий ҳукуматга агар йўл шароитлари хавфсиз ҳаракатни таъминласа, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан келишган ҳолда, йўлнинг алоҳида участкаларида ёки ҳаракатланиш полосаларида алоҳида турдаги транспортлар учун тезлик режимини оширишга рухсат беради.

Аввалроқ Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси аҳоли пунктларидаги кўчаларда тезликни чегаралаш бўйича дунё тажрибасини таҳлил қилаётгани хабар берилган эди.