Hyundai автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича Қўқондаги лойиҳага 130 млн доллар инвестиция киритади

10.04.2018 | Ўзбекистон | 2718

Hyundai юк автомобилларини ишлаб чиқариш «Қўқон» эркин иқтисодий зонасида йўлга қўйилади. ЎзА хабарига кўра, ушбу мақсадларга 130 млн доллар жалб этилади. Янги ишлаб чиқариш қувватини ташкил этиш ташаббуси Жанубий Кореянинг Evergreen Motors ва Posco Daewoo компанияларига тегишли.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёевнинг Сеулга ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Жанубий Корея Hyundai автомобилларини серияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга келишиб олгани хабар қилинган эди. Мавжуд маълумотларга кўра, лойиҳага киритилувчи дастлабки инвестиция миқдори 200 миллион долларни ташкил этади.

«Қўқон» эркин иқтисодий зонаси Ўзбекистон президентининг 12 январдаги фармони билан ташкил этилган. Унинг асосий вазифалари қаторига ташқи бозорларда талаб катта бўлган ва импортнинг ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш ва бошқалар киради.