Тадбиркорлар онлайн касса аппаратларини синовдан ўтказишлари мумкин

10.04.2018 | Иқтисод | 2217

Ўзбекистонлик 500 нафар тадбиркор бепул онлайн назорат-касса аппаратларига эга бўлиши мумкин. Уларга фискал маълумотлар операторлари хизматлари ва техник кўмак ҳам бепул тақдим этилади. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Ушбу синов лойиҳаси 1 июлга қадар давом этади, апробация учун жами бўлиб 500−1000 та назорат-касса онлайн машиналарини тарқатиш режалаштирилган.

Тошкентда чакана савдо билан банд ва назорат-касса машиналаридан фойдаланаётган юридик шахслар синов лойиҳаси иштирокчиси бўлиши мумкин. Бунинг учун onlinekassa.uz портали орқали рўйхатдан ўтиш ва ариза қолдириш лозим.

Онлайн касса аппаратлари нақд пул тушумларининг камайиши, харидорларга чекларни бермаслик, фискал хотирали машиналар маълумотларини ўзгартириш, ускуна йўқолган тақдирда, товар айланмаси ҳақидаги маълумотларни сохталаштириш каби ҳолатларнинг олдини олади.

Онлайн касса аппаратлари нафақат савдо нуқталаридаги тушумларни назорат қилиш, балки ҳудудларда айрим турдаги маҳсулотлар нархларини, уларнинг сотилиш ҳажмларини таҳлил қилиш, нархларнинг сунъий равишда кўтарилиши ёки туширилиши сабабларини ўрганишга ҳам ёрдам беради.