Абдулла Қодирий. Тинч иш (ҳикоя)

10.04.2018 | Блог | 2327

Бундан 124 йил муқаддам улуғ адибимиз Абдулла Қодирий таваллуд топган эди.

Улуғ сиймоларнинг ўзига хослиги шундаки, уларнинг асарларини ўқиб янги ва янги маъно топаверасан киши. Ёзилганига қарийб бир аср бўлса-да, “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” романларига адабиётшунослар қайта-қайта мурожаат қилишаверади. Боиси адибнинг маҳорати, халқчиллиги, дарди қоғозга тўкилганлигидадир.

Абдулла Қодирийнинг, нафақат, катта асарлари, балки шапалоқдек келадиган сатирик ҳикоялари, фельетонларида ҳам чуқур заковат уфуриб туради. Қодирий кўз ўнгимизда жамиятдаги иллатларни аёвсиз фош этувчи йирик сатирик-юморист бўлиб гавдаланади.

Қуйидаги ҳажвий ҳикояда замондан ортда қолган жоҳил “тақводор”ни учратасиз. Дарвоқе, у сизга таниш. Атрофга қараб, бундай кишилар ҳамон орамизда учрашига амин бўласиз.

…Энди бу зот ҳам уламодан бири эди. Ўз аҳли тарафидан варасатул-анбиё қаториға киритилган учун мертуқ-сертуқларнинг фалон-туганига қулоқ солувнинг ҳам лузуми йўқ эди. Йигирма беш-ўттуз йилни мадраса тупроғи ялаб ўткарган бир кишини, табиий, бизда уламо қаториға киргузмай ҳол йўқ. Ҳам ана шу мадраса тупроғини ўттуз йил ялаб, шул тупроқ ялов ажрини ҳам олған эди. Авом ўртасинда бўлсун, уламо орасинда бўлсун ул «Домла Шариф Охунд» бўлуб танилған ва бу исмни эшиткан, етти яшардан етмиш яшарнинг кўз олдиға катта салла, узун чопон, семизтан, ўнг қўлининг енгидан тўрт эллик тасбиҳ учи кўрунуб турған, қиб-қизил баркаш юз, мошкичири соқол бир зот келиб босар эди.
Бу зот диний бир олим бўлув устиға сиёсатдан ҳам хабарсиз эмас эди. Амрика, Гирмония, Онглия, Япўния, Фарансия, Белгия, шунинг каби ҳар давлатларни ёдлаб билар эди. Бунларнинг ҳунарларигача айрим-айрим ажратар эди. Масалан, Амрика, ўзи фарангларнинг бир табақаси, яъни қабиласи. Ҳунари: амиркон тери ишлайдир. Амиркон пахтани ҳам шу чиқарған. Гирмония тўб тўпхона, уруш аслаҳаларини ишлайдир. Осмон попурини ҳам шу кофир чиқарған. Онглия — бу жуда ҳунарманд, локин ўзининг ер юзинда жойи йўқ. Аммо денгизга шаҳарлар бино қилған. Шунинг учун денгизлар подшоси деб айтадирлар. Фарансия ёки Фаранг — бу ўзи майда-чуйда ишларга жуда ҳам уста бир кофир; фаранги игна, мошина, фаранги иб, грамафон, нағма ва шунга ўхшаш аллақанча ажойиб, ғаройиб нарсаларни чиқарған. Япўния — ўрусдан Пўрт-ортирни олған…
Ана бунлар энди чет қиронлар тўғрисида билган сиёсати. Ўзимизнинг яқин қиронлардан, масалан, Хитой, Туркия, Бухоролар ҳаққинда етти ёшлиқ вақтиндан бери маълумоти бор. Хитой — ҳунари хитой қоғоз, ипак жужум, жонон пиёла… нуфуси жуда ҳам кўб, на ҳисобда, на китобда бор.
Самаркентни олмоқға қўшун тортғанда йўл устида дарёйи Нилми, Жайҳунми деган бир дарёға тўғри келар экан. Дарёни кўпруксиз кўрганда ижрғамиға келтурмай черигини сувға босиб, одамдан кўпрук қилиб, ўтуб кетар экан. Мана, кўблиги шунча экан!
Туркия — ер юзининг султони, аҳли куффордан бож хирож оладир. Қаҳру-ғазабидан замину замон, макину макон титрайдир. Одамларини уч юз отмиш кун рўза, йигирма тўрт соат намоз ўқувчи «авлиё» деб биладир. (Бу ерда муаллимчилик қилиб юрған асир туркларни ул турк деб билмайдир. Балким ёлғондаки турк оти остиға яширинган куффор, дин бузувчи, армани деб билганидан ушбу малъунларга эргашиб юрған мусулмон болалариға чин кўнгилдан ачинадир…) .
Бухоро тўғрисинда сўйлав керак эмас, ҳаммамизга белгили: бошқа ислом шаҳарларига кўкдан нур ёғилған ҳолда, шу шаҳарларга ёғдирмоқ учун Бухорои шарифдан фаришталар орқали кўкга нур чиқарилур экан!..
Мана, анинг сиёсатдан, инглизнинг бир юз сиёсиюнидан ортиқ маълумоти.
Ўзи мударрисликка сайланмасдан илгари оқ подшоҳға нима учундир мастравойлар каби душманлиқ сақлаб юрар эди. Алланарсамоф деган тўра ёғиндан мударрисликка «указ» берилгач, оқ подшоҳнинг хақиға қўл кўтариб, дуо қилған кундан бошлаб ўзидан Некалайга бир хайрихоҳлиқ сеза бошлайдир. Тўғри келган йиғинларда подшоҳлиқнинг нисфи нубувват деганлар, кофир бўлса ҳам «нубувват», яъни пайғамбарликнинг нисф қуввати бор, деб оқ подшоҳни юқори кўтариб қўядир.
Орада уруш бошланиб, Туркистонда «рабочий» масаласи қўзғалганда ғалаёнға келган халқға: «Подшоҳнинг амри вожиб, маънои вожиб фарзлиғинда озғина шубҳа бор, маънои фарз амри илоҳий», деб ҳаяжондан тўхтатурға тиришадир. Гирмон ундай ҳунар кўрсатибдир, оқ подшоҳнинг бунча шаҳрини олибдир, деган хабарларға сира ишонғуси келмай: «Яхши, Гирмоннинг юз ўн беш газ тўпи бор, мен буни Гирмоннинг ўзидан-да яхшироқ биламен, аммо у ғарқи оҳан бўлса ҳам Русиянинг бир тола мўйини кам қила олмайдир. Русия бунга ўхшаш Гирмоннинг бир юзи билан урушиб кўрган, оқ подшоҳ эмди эр назар қилған деб юрадир.

II

1917 йил феврал сўнгинда инқилоб бошланиб, оқ подшоҳимиз тахтдан тобутға олинур. Биринчи мартдан бошлаб халқ оғзинда «Некалай тахтдан тушурулиб, янги ҳукумат тузулубдир», деган хабарлар юрии бошлар. Локин бу хабарларға бизим «Охунд домла» сира ишонмайдир. Шу хабарларни сўйлавчига қизиқ туриш билан: «Эй, сен аҳмоқ бўлиб қолдингми? Оқ подшоҳни ўрнидан тушуруб бўлар эмиш? Яхшиким бу сўзни манга айтдинг, ёмонроқ кишига айтсанг бошинг кетадир — бошинг! Дамингни чиқарма! Бу хабар мастравойларнинг хабари!
—     Мастравой деган ким тақсир?
—     Ҳа, кўчаларга тош терадирганлар-чи, ана шунларни мастравой дерлар, шунларнинг хабарига ишониб бўладирми?
Орадан ўн беш кун ўтуб кетадир…
Некалайнинг политса — миршаблари, қозилари, мингбошилари ўрундан чиқарилиб, бошқалар сайлана бошлар. Юртнинг туруши ўзгарар. Сайлов — йиғинларнинг бир нечасинда Охунд домламизнинг ҳам қатнашишлари бўладир. Охунд домламизға эмди оқ подшоҳнинг ҳақиқатдан тахтдан тобутға олинғани сезилур. Локин бу ишга нима учундирким, анинг ичи бир турли ғаш бўлиб: «Эй худоё тўба, бу нима деган гап эмди!..» — деб қўядир.
—     Оқ подшоҳ ўрнидан тушурулибдир, «Янги ҳукумат» деган ҳукумат бўлубдир. Аммо мана бу «сайлов» деган нима деган номаъқулчилиқ? Худоётўба! Худоётўба!.. Одамларнинг оғзиндағи «Ҳуррият» дегани нима деган сўз, ердан «Ҳуррият», кўкдан «Ҳуррият», бугун сайлов, эрта сайлов! Худоё тўба! Худоё тўба!.. Халқ оғзиндағи «Ҳуррият, ҳуррият» деган сўзга биринчи эшитувда тушунилмаса ҳам луғат кўрилгандан кейин бир оз тушунилди.
Охунд домламиз оқ подшоҳни ўрундан тушурулиб, Керенскийнинг подшоҳ кўтарилганини «Бўлибдир, бўлибдир эмди» билан зиҳнига сиғдирса-да, ҳалиги «Янгидан сайловни» сира миясига сиғднра олмади. «Халқ истагича янгидан сайлаб қўйиш» деган гап анинг ичини ари каби талий бошлади. Нечун ари бўлиб таламасин. …Мадрасасининг биринчи мударриси этиб Алланарсамоф ёғиндан берилган указни бекорга чиқариб, Охунд домламиз ўрниға бошқани сайлаймиз, десалар!.. Ўҳҳҳ!..

III

Отун ойимға указни олиб чиқувни буюриб, ўзи айвонга ўлтурди. Шул вақтда даруни дилдан оҳ тортиб юборған ҳам эди. Указ қоғози бундан бир йил илгари сандуқға тушувда Охунд домлаға қандай умидлар берган бўлса, бу кун сандуқдан чиқувда шу даража умидсизлик туғдирди.
Отун ойимдан указни олиб оча бошлади. Бу қоғоз яхши сақланғани учун ҳар қабатини очилған сари шалдирар ва бу шалдиров Охунд домлани алланечук маъюс этар эди.
Указ очилиб бўлди. Домламизнинг русчадан хабари бўлмаса ҳам, ҳоким маҳкамасининг мирзаси ёғиндан указни беришда: «…Мадрасинкий первой мударрису господину Муллашариф Охуну Мулла Зариф Охунову» деб ўқуб бериши эсига тушуб, ўшал вақт бутун аъзоси тил билан онглатиб бўлмаслиқ бир лаззат билан жимирлашиб кеткани эсига келиб кетди. «Господин первой мударрис»ни таъйин этиб чиройлиқ қилиб қўйилған бурмача имзолар билан семуруғ қушли тамғаларға кўзи тушуб ўтди. Аммо шул вақт «Ҳуррият, сайлов» шарт этиб эсига тушуб кетди. Указ қўлидан ерга тушуб кетаёзди… Эмди бир неча вақт ҳушдан ҳам кетган эди.
Эси ўзига келгач, указни буклий бошлади. Указ: «Мени кўрма, ҳам куйма!» деган каби бўлуб, ўз-ўзиндан шалдировсиз буклана бошлади. Отун ойим указни сандуқға олиб кетмакда бўлғанида ортидан алвидо қилған каби маъюсона қараб турар эди. Яна бир гулдурос билан оҳ тортғандан сўнг оқ подшоҳни ўриндан тушурғанлари учун мастравойларга лаънат ўқуди. Шундай лаънат ўқудиким: «Шул соат мастравойларни ер ютса оқ подшоҳ ўз ўрниға ўлтуруб, «Ҳуррият, сайлов»ни йўқ қилса, указ указликда қолса!..»
Аммо Охунд домланинг дуоси ижобат ҳадафига тегудан вақт ўткан эди. Локин домланинг бу «сайлов» ташвиши ва мастравойларга дуойи бади ўринсиз бўлиб чиқған эди. Негаким, иш домланиш фойдасиға қуморила бошлаған, янги оқ подшоҳ (Керенский) вақтида домлаларимизға ўхшаған «сайлов» сичқонлари учун ҳар қанча иш қилинса, майдон очиқ эди. Ёлғуз… ёлғуз «ёш» деган бир фирқани иш бошидан ҳайдалса…

IV

Эмди халқ орасиға дин отидан ёшларға қарши ташвиқот юргузила бошламиш эди.
Ҳозир бизнинг Охунд домламиз нима қилур эди?
Домламизнинг ўзи политикан эмасми? Ишнинг тубига аллақачон тушуниб, ёшларға қарши ташвиқот денгизинда юзар эди.
Иш Охунд домламиз кабиларнинг фойдаси билан натижаланди. Эмди Охунд домламизнинг оғзи қулоғида, «Дин бузувчи даҳрий ёшлар!» деган жаҳр оғзидан фаввора уруб чиқадир. Домламиз масти лояъқил, ҳозир домлаға Некалай золим, Керенский одили аъдал указнинг ҳам бир тийинлик қиймати йўқ, тиласа мударрис, тиласа қози, тиласа дўма! Вассалом…

V

1917 йилнинг сентабрлари эди, шекилли… Янги ҳукумат қаршисиға болшевиклар қўзғалмоқда… деган хабарлар юрий бошлади. Илгарирак домламиз бу хабарларға кўбда ишонмаса ҳам кейинрак ўйлий бошлади. Болшевиклар ҳақинда маълумот эгаси бўлмағани учун ундан, бундан суриштурмоқға турди.
Ўҳўўў… болшевик! Ер ютсун, ер ютсун! Динни билмаса, бой ва уламо (хоин уламо)ни  ер билан яксон қилмоқ тиласа. Мол-мулкни муштарак деб билса!..
Бу маълумотни олғач кеча-кундуз: «Эй бор худоё, Керенский ҳукуматини қиёматғача оёғдан йиқитма!» деб дуо қилмоқға киришди. Воқиъан ҳазрат Охунд домламизнинг бусотдағи бор дастмоялари шулгина эди.

VI

Йигирма нечанчи… ой эди, оламни тўп гум-гуми, пулемит тартараги босған эди. Икки фирқа, яъни бой уламо билан камбағал бенаво жон бериб жон олмоқда эди. Охунд домламизда бошқа камолот кутгандан ортиқ бир равишда бўлса ҳам юрак деган неъматдан маҳрум бўлғанлари учун биринчи милтиқ товши билан узлатни ихтиёр қилмишлар эди. Ҳар бир тўп товши Охунд ҳазратимизга эшитилган сари узлатхонада ичлари шувиллашмакда эди.
Натижада камбағал бенаво бой ва уламони етти қат ернинг остиға киргузуб юборадирған даражада енгди,.. Бу хабар Охунд домламизнинг узлатхоналариға ирсол этилмиш. Домламиз жондан умид узуб, ҳар минут «Калимаи таййиба» ва «Калимаи шаҳодат»ни вирди забон этмишлар эди.

VII

Орадан ўн кун ўтди. Охунд домламиз йўқ, йигирма кун ўтди, дараксиз, ўтгуз кун деганда аёвли ясонни бир ҳович қилиб, узлатхонанинг эшикидан мўраладилар. Ўттуз биринчи кунда атак-чечак қилиб узлатхона атрофинда синов учун юриб кўрдилар.
Тадриж ба тадриж аҳли аёл ёниға борувни жаноб ҳақ тинчлик ва осойишталиқ билан Охунд домламизға муяссар қилди. Тўп билан пулемит, болшевикларнинг астаҳидил тутған сиёсати ва алалхусус сиёсиюнлиқ Охунд домламизнинг юрагини олиб қўйғанлиқдан бундан сўнг сиёсатға оралашмаслиқ аҳли аёл ўртасинда аҳд этилди.
Тинчгина имомгарчиликда давом этила бошланди. Илгари болшевик оғаларнинг, кимнинг отини, кимнинг молини, кимнинг ерини тортиб олувлариға қандай маъни беришга ожиз бўлған Охунд домламиз «Мифтоҳул-жинон» ва амсоли китоблардан истихрож этиб: «Замона охир бўлиб, қиёмат яқинлашған экан, бу кунги болшевик деганимиз яъжуж-маъжуж ва ё доббатул-арз бўлур» деб ўйлар эди. Ўшал вақтда бундай демакга балким аниш ҳақи ҳам бўлғандир, локин бу кунда анинг яъжуж-маъжуж, доббатул-арз ҳақиндағи фикрлари ўзгариб, болшевикларнинг ҳам инсон эканлигига имон келтурди.
Яқинда халқ… мадрасасига Охунд домламиз ўрниға бошқа бир мударрис таъйин этилди. Аммо бунга домламизнинг сира илтифоти бўлмади. Шунинг билан баробар указ ҳам сандукда унутилиб ётадир, балким эсига келганда йиртиб ҳам ташлар. Шундай қилиб тинчгина имомгарчилигида давом этадир.
Сиёсиюнлиқ вақти эсига тушғанда сесканиб кетиб: «Йўқ, шайтон оздирған экан ва ё эс кеткан экан!» деб қўядир. Бугунги имомгарчилигига келганда: «Бунинг ўзи хўб тинч ишде!» дейдир. Воқиъан Охунд домламизнинг ўзига лойиқ иш шуниси эди.


Жулқунбой
«Тонг» журнали — 1920 йил, 2-сон, 125-сон, 56-64-бетлар

ziyouz.uz