Ўзбекистон йўлларида ўлим сонини камайтириш дастури қабул қилинади

13.04.2018 | Ўзбекистон | 2720

Ўзбекистон президенти ташаббуси билан мамлакат йўлларида ўлим сонини камайтириш концепциясини ишлаб чиқишга киришилди, дея хабар қилди ички ишлар вазири ўринбосари, Тошкент ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев.

«Жуда кўп муаммолар йиғилиб қолган, ҳозир улар бўйича „йўл харитаси“ тайёрланмоқда», — деди вазир ўринбосари сешанба куни Учтепа аҳолиси билан бўлиб ўтган учрашувда.

У январда Россияда 2030 йилгача йўл-транспорт ҳодисалари натижасидаги ўлим сонини нолга қадар камайтириш бўйича режа қабул қилинганини эслатиб ўтди. «Бизда ҳам шундай масала ишлаб чиқилмоқда», — деди ИИББ бошлиғи.

Аввалроқ «Газета.uz» ЙТҲда ўлим ва жароҳатланиш кўрсаткичлари юқори бўлишига қарамасдан (2016 йилда 10,2 мингта ЙТҲ қайд этилиб, уларда 9845 киши жабрланган, 2496 киши ҳалок бўлган), Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида йўлларда ўлим сонини қисқартириш бўйича махсус дастур йўқ эканига эътибор қаратган эди.

Йўлларда ўлим сонини қисқартириш бўйича дастурларнинг асосий тамойили — ўлим билан тугайдиган ЙТҲларга йўл қўймасликдан иборат. 1997 йилда Швецияда қонунчилик даражасида Vision Zero («Ноль ўлим») дастури қабул қилинган эди. Дастур муваффақияти унинг дунё бўйлаб кенг тарқалишига хизмат қилди.

Рустам Жўраев 2018—2022 йилларда мамлакатда Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси лойиҳасидан ўрин олган шаҳарлар ва аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг рухсат берилган энг юқори тезлигини 70 км/с дан 60 км/с га тушириш бўйича таклифга муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, чеклов ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда дифференцияллашуви лозим.

Тошкентда шундай участкалар борки, у ерда тезликни 70 км/с дан оширишга рухсат бериш мумкин, ушбу йўлларда одамлар учун хавф йўқ. «Шундай жойлар борки, 50 км/с гача, маҳаллаларда — 30 км/с гача туширамиз», — деди ИИББ бошлиғи.

Вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимиятлари ҳар бир участкада қандай тезлик бўлиши кераклигини индивидуал ҳал этишлари лозим, деди у.

Белгиланган тартибларга риоя этмаслик муаммосини қоидабузарликларни қайд этиш камералари орқали ҳал қилиш мумкин, деб ҳисоблайди Рустам Жўраев.