АҚШ Федерал Қидирув бюроси собиқ раҳбари: Трамп президент бўлишга ахлоқан лойиқ эмас

17.04.2018 | Жаҳон | 2492

АҚШ Федерал Қидирув бюроси собиқ раҳбари Жеймс Коми Президент Доналд Трампни президент бўлиш учун «ахлоқан нольойиқ» деб атади ва президент адолат йўлига тўсиқ қўйгани ҳақида «айрим далиллар» борлигига ишора қилди.

Коми бу ҳақда яқинда чоп этилган китобини оммага эълон қилишидан бир неча кун аввал «ABC News» телеканалига берган суҳбатида гапирди. Китобда 2016-йилги президентлик сайловига Россиянинг аралашуви, демократ Ҳиллари Клинтоннинг электрон мактубларига оид машмаша ҳамда бу ишларни текширишда Комининг иштироки ҳақида маълумотлар бор. Президент Трамп Комини ишдан ҳайдашидан аввал бўлиб ўтган шахсий суҳбат тафсилотлари ҳам китобга киритилган.

Телеканалда чиққан суҳбат ортидан Президент Трамп Комини ва Федерал Қидирув бюроси директорининг собиқ ўринбосари Эндрю Маккейбни кўплаб жиноятларни содир этганликда айблади.

Суҳбатда журналист Комидан Трамп президентлик учун нольойиқми, деб сўради. Шундай, лекин бу унинг руҳий ҳолатидан эмас, деди Коми.

«Унинг руҳий жиҳатдан соғлом эмаслиги ҳақидаги гапларга ишонмайман. Шарлотсвил воқеаларидан ўхшашлик топадиган, аёлларга бир парча гўштдек муносабатда бўладиган, катта-кичик нарсалар ҳақида тинимсиз ёлғон гапирадиган ва америкаликлар бунга ишонади, деб таъкидлайдиган одам АҚШ президентлигига ахлоқан муносиб эмас», - деди Жеймс Коми.

Коми ишидан ҳайдалгач, идоранинг бошқа бир собиқ раҳбари Роберт Мюллер Россиянинг сайловга аралашганини текшириш учун махсус терговчи этиб тайинланди.

Тергов бошлангандан бери Мюллер 19 одамга айблов эълон қилди. Улар орасида Трамп сайлов кампаниясининг собиқ раҳбари Пол Манафорт ҳамда кампания ёрдамчилари Рик Гейтс ва Жорж Пападопулос ҳам бор.

Оқ уй матбуот котиби Сара Хакаби Сандерс ўтган ҳафта президентда Мюллерни ишдан ҳайдаш бўйича қонуний ваколат бор, деб атди. Комига кўра эса, Мюллер ишдан ҳайдалса, бу президент томонидан «қонун устуворлигига шу пайтгача қилинган энг жиддий ҳужум» бўлади.