Тошкент вилоятида сохта ИИБ ходими қўлга олинди

17.04.2018 | Ўзбекистон | 2728

Жорий йилнинг 12 март куни келиб тушган хабарга кўра, Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтган “Тошкент - Ўш” ва “А-373 Гулистон - Ўш” магистрал автомобиль йўлида ички ишлар органлари хизмат кийимида шубҳали “сохта йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими” хизмат олиб бораётганлиги ҳақида хабар келиб тушади.

«Вилоят ички ишлар бошқармаси ўз хавфсизлиги бўлими ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида «А-373 Гулистон — Ўш» магистрал автомобиль йўлининг 124—чақиримида, йўл четида Nexia русумли 10 З 276 МА давлат рақамли автомашина олд йўловчи ўриндиғида ички ишлар органлари хизмат кийимида бўлган шахсдан ўзини таништириш сўралганида, ходимларнинг қонуний талабларини бажармасдан уларга қаршилик кўрсатиб, фуқаролик кийимида бўлган ҳайдовчи автомашинани катта тезликда Оҳангарон шаҳри йўналишида бошқариб, қочиб кетади.

Ички ишлар ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан автомашина тўхтатилиб, текширилганда, ҳайдовчи Ангрен шаҳар Нуробод қўрғонида яшовчи С.Ж автомашинани тегишли хужжатларсиз, маст ҳолатда бошқарганлиги, ёнида бўлган «сохта йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими» Оҳангарон туманида яшовчи Х.Х эканлиги аниқланди», — дейилади хабарда.

Улардан ички ишлар органлари ходимларининг бушлати, Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори жилети ва жезл таёқчаси олинди.

Суриштирувлар мобайнида ушбу шахслар илгари ички ишлар органларида бир муддат хизмат олиб боришганлиги, ўзларининг салбий хатти-ҳаракатлари сабабли хизматдан бўшатилганлиги, хизматдан бўшатилгандан кейин ҳам ички ишлар органлари ходими либосини кийиб содир этган жиноий қилмишлари учун судланганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Х.Х ва С.Ж.лар ўзларига тегишли жазони олади, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Ўзбекистон қонунларига кўра давлат хизматчиларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш учун энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваригача жарима белгиланган.