Марказий Осиё ўз муаммоларини ташқи кучлар иштирокисиз ҳал қила оладими?

17.04.2018 | Таҳлил | 2612

Марказий Осиёда навбатдаги стратегик ҳамкорлик қарор топаётгани зиддиятлар даври ортда қолиб, минтақавий бирликка интилиш бошланганидан даракдек. Аммо минтақа давлатлари бирлигини чўпчакка қиёслаш, минтақани фақат ташқи куч бирлаштириши мумкинлиги ҳақидаги қарашлар ҳамон мавжуд.

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига қилган сафари давомида Марказий Осиёдаги сиёсий вазиятга тўхтаб ўтган. Деярли барча қўшни давлатлар билан алоқада илиқлик бошланганини қайд этган президент, кейинги ҳафта давлат ташрифи билан Тошкентга келаётган Туркманистон президенти билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳақида музокара қилишини айтган.

Мирзиёевга кўра, Ўзбекистоннинг қўшнилар билан муносабатларига ойдинлик киритилган, жумладан, Тожикистон, Қирғизистон билан анча-мунча масалалар очиқ муҳокама қилинган. Қозоғистон билан алоқаларни илиқ баҳолаган Мирзиёев Президент Нурсултон Назарбоев билан ака-укалиги, уни ўзига устоз сифатида кўришини айтган.

Туркманистон ва Тожикистон президентларининг Ўзбекистонга ташрифи Мирзиёевнинг бу давлатларга қилган расмий сафарига жавобан кутилмоқда. Мирзиёев президентликка келиши ортидан илк расмий сафарини Туркманистондан бошлаган эди, Тожикистонга давлат ташрифини эса март ойида амалга оширди.

Ўзбекистоннинг Туркманистон билан алоқалари марҳум президент Ислом Каримов даврида ҳам кескинликдан холи эди. Мирзиёев ҳозиргача Қурбонгули Бедимуҳаммедов билан бир неча бор учрашди; икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариш ваъдалари билан кузатилган бу учрашувлар илк бор Туркманистондаги ўзбеклар масаласи кўтарилиши билан ёдда қолди.

Туркманистондан фарқли ўлароқ, Тожикистон билан алоқалар узоқ йиллар ўта зиддиятли бўлди; шу йил март ойида Мирзиёевнинг Тожикистонга қилган давлат ташрифи бу зиддиятларни деярли йўққа чиқарди. Тожикистонда жиддий воқеликка айланган бу ташриф натижасида визали тизим бекор қилинди, икки халқ ўртасидаги борди-келди тикланди, узиб қўйилган транспорт қатновлари қайта йўлга қўйилди, зиддиятнинг асосий ўчоғи бўлган Роғун ГЭСи масаласи муҳокама қилинди.

Мирзиёев Душанбеда музокаралар ўтказиши ортидан икки ўртада долзарб бўлиб турган барча муаммолар муҳокама қилингани, тушунмовчилик қолмагани ҳақида баёнот берди.

Тожикистон парламенти раҳбари Шукуржон Зуҳуровнинг матбуотдаги интервьюсига кўра, айни пайтда мамлакат қонунчилари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик битими устида ишлаяпти. Бу ҳужжат Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга кутилаётган сафари давомида имзоланади.

Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик ҳақида битим имзолаши минтақанинг ўзаро зиддиятда бўлган икки давлати ўртасида шубҳа тарқагани, минтақавий ҳамкорликдаги янги имкониятларга йўл очилганидан дарак беради.

Тожикистон матбуотидаги минтақавий ҳамкорликка доир мақола муаллифларидан бири, ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарход Толиповнинг айтишича, Россиядаги айрим экспертлар Марказий Осиёга нисбатан империяча қарашдан ҳамон воз кечмаган; улар назарида Марказий Осиё мустақил тарзда интеграциялашиш лаёқатига эга эмас.

«Бу доирадаги фикрларнинг умумий бир позицияси Марказий Осиёда яна интеграция тўлқинлари бошлангани, бирлашиш аломатлари сезилаётгани ва бу жараённинг Россия иштирокисиз ўтаётганидан иборат. Бошқа бир гуруҳ экспертлар эса ҳатто Марказий Осиё давлатлари минтақавий бирликни Россиясиз амалга ошира олишмайди, деган фикрларни ҳам айтишмоқда. Бу каби баёнотлар жуда қалтис. Агар Марказий Осиёда интеграцияга, бирликка ҳаракат бошланди деб қараган тақдиримизда ҳам нима учун бу жараён Россия иштирокида ўтиши керак? Қандай далилларга кўра минтақа давлатлари Россиясиз ўз иттифоқини амалга ошира олмас экан? Бу саволларга жавоб йўқ. Мен сўнгги пайтда Россиядаги айрим нашрларни кузатиб шундай хулосага келдимки, уларда собиқ иттифоқ ҳудудига, Марказий Осиёга нисбатан қараш ҳамон эскича, уларнинг ўзлари аввало шундай қарашлардан қутулиши керак», - дейди Толипов.

Остонада Марказий Осиё президентлари илк бор саммитга йиғилиши, мавжуд муаммоларни учинчи томонсиз ҳал этишлари ҳақида баёнот қилишлари ортидан Россиянинг иштирокисиз минтақавий бирлашув мумкинлиги исботланди.

Марказий Осиё учун ҳозиргача асосий зиддият сувдан фойдаланиш бўлиб келган. Минтақада алоқалар илиқлашиши ортидан бу муаммо ҳамкорликда ечилаётгани кузатилади. Аммо сўнгги хабарларга таянилса, минтақа давлатлари ўртасида сувдан фойдаланиш бўйича июнь ойида Тожикистонда ўтиши режаланган муҳокамага Душанбе Россияни ҳам таклиф этган.