Samsung электромобиллар учун аккумуляторлар ишлаб чиқаради

02.09.2016 | Технологиялар | 649

Жанубий Кореянинг Samsung компанияси ўзининг Венгриядаги заводида электромобиллар учун литий-ионли батареяларни ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда carzone хабар бермоқда.

Шу мақсадда компания Венгриянинг Гёд шаҳрида жойлашган заводини қайта ихтисослаштириш учун тахминан 358 миллион долларга тенг маблағ сарфламоқчи. Аввалроқ ушбу заводда электрон-нурли ўтгазгичлар ва DVD-плеерлар ишлаб чиқарилган. Бу айнан литий-ионли аккумуляторларни тайёрлашга ихтисослашган компаниянинг учинчи заводи бўлади (қолган иккита завод Жанубий Кореянинг Ульсан ва Хитойнинг Сиан шаҳарларида жойлашган).

Фабрика 2018 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб батареяларни ишлаб чиқариши кўзда тутилган. Ҳозирча заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати ҳақида маълумот берилмаган. Аммо кореялик гигант йилига 50 мингта автомобилга аккумулятор тайёрлашни режалаштирган. Агар электромобиль батареясининг сиғими ўртача 50 кВ/ст деб олинса, заводнинг йиллик қуввати 2,5 ГВт/соатга тенг  бўлади. Бу бошқа ана шундай фабрикаларга солиштирганда унчалик катта кўрсаткич эмас. Tesla компаниясининг Невададаги йирик фабрикаси 35 ГВт/ст қувватга эга.

Samsung бир пайтлар автомобиллар ишлаб чиқарганлигини ҳисобга олсак, кореялик гигант автомобилсозлик соҳасига жиддий ёндашаётганини англаш мумкин.