Бош вазир Соғлиқни сақлаш вазирига: «маҳаллий ҳокимлик органларига адвокатликни йиғиштиринг!»

18.04.2018 | Ўзбекистон | 2861

17 апрель куни Вазирлар Маҳкамасида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган мажбурий меҳнатга қарши кампания доирасида бош вазир Абдулла Арипов раислигида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда бош вазир қайси ҳудудларда қайси раҳбарлар томонидан бу борада қандай қонунбузарликлар содир этилгани мисоллар билан айтиб ўтилди. Бош вазир Ўзбекистонда давлат сиёсати буни ёқламаслиги, бу президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, давлат сиёсатига хиёнат эканини таъкидлади. Мазкур ишга буйруқ бераётганлар, хусусан, шаҳар ва туман ҳокимлари, туман Халқ таълими бошқармалари ва бошқалар ўзларининг содиқлигини кўрсатиш учун бюджет ташкилотларини ишлатишини қаттиқ қоралади.

Йиғилиш давомида Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов ва Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов танқидга учради.

"Ҳақиқатан ҳам мен эътибор бермаганман, назоратга олмаганман. Президентимизнинг 13 апрель куни Сирдарё вилояти фаоллари билан ўтказган йиғилишдаги танқидларидан кейин эртасигаёқ Жиззахда соҳа вакилларини тўплаб, ҳокимлар иштирокида йиғилиш ўтказдик. Мажбурий меҳнатнинг олдини олиш юзасидан режалар қилиб олдик. 

19 апрель куни республика бўйича селектор йиғилиши ўтказиб, ушбу масалаларни муҳокама қиламиз. Тиббиёт ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб этиш бўйича "Ишонч телефони" ташкил этдик. Вазирликда махсус бўлим иш бошлади", дейди Алишер Шодмонов. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Соғлиқни сақлаш вазирини қаттиқ танқид қилди. Уни маҳаллий ҳокимликларнинг тиббиёт ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этишини яширганликла айблади.

"Маҳаллий ҳокимият органларига адвокатликни йиғиштиринг! Улар билан муносабатларим бузилмасин деб бор нарсани яширишни тўхтатинг", дейди Бош вазир.