Ўзбекистон Бош вазири кўзбўямачиликда пешқадам вилоятларни санаб ўтди

18.04.2018 | Ўзбекистон | 7724

Энди мажбурий меҳнатга жалб этиш билан боғлиқ ҳолат аниқлангудек бўлса, бу прокуратура, ҳуқуқ-тартибот органлари билан биргаликда фавқулодда ҳолат сифатида кўриб чиқилади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бугун, 17 апрель куни ҳукумат раҳбари Абдулла Арипов бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида бир неча бор огоҳлантиришларга қарамасдан, ўқитувчи ва шифокорларни ўзларига тааллуқли бўлмаган ишларга жалб қилиш ҳолатлари муҳокамага қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг йиғилишда маълум қилишича, Мирзиёев энди мажбурий меҳнатга жалб этиш билан боғлиқ ҳолат аниқлангудек бўлса, буни прокуратура, ҳуқуқ-тартибот органлари билан биргаликда фавқулодда ҳолат сифатида кўриб чиқиш юзасидан топшириқ берган.

Бош вазир бугунгача аниқланган кўзбўямачилик ҳолатлари ҳақида гапираркан, биринчи мисол Қашқадарё, Жиззах вилоятларидаги ҳолатга тўхталди.

"Қашқадарё вилоятига кўча юзида иссиқхоналарни ташкил этишда, Жиззах вилоятида коллеж ўқувчиларини текстиль фабрикаси ходимлари сифатида фойдаланиш ҳолатлари юз берган. Бундай ҳолатлар эса аҳоли ўртасида турли норозилик кайфиятининг келиб чиқишига асосий сабаблардан бири бўлмоқда".

Бош вазирга кўра, нафақат ўқитувчи ва шифокорлар, ҳатто, мактабгача таълим муассасалари ходимлари ҳам мажбурий меҳнатга ҳам жисмонан, ҳам моддий жалб этилган.

"Масалан, Андижон вилоятининг Андижон шаҳри, Хўжаобод, Марҳамат, Қўрғонтепа, Жалақудуқ туманларида кўча тозалаш, маҳалаларни ободонлаштириш, дарахтлар экиш, кўча ва маҳаллалардаги чиқиндиларни чиқариш ва дала ишларига мактаб, мактабгача таълим тизимида фаолият юритаётган ходимлар мунтазам равишда жалб этиб келинмоқда. Мазкур ҳолатлар айрим раҳбарлар томонидан нафақат мажбурий ишлатиш, балки моддий манфаатни кўзлаб ҳам амалга оширилмоқда.

Жумладан, Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Раҳмонов, Андижон шаҳар ҳокими Раҳматуллаев барча йиғилишларда очиқдан-очиқ мактабгача таълим муассалари раҳбарлари шаҳар кўчаларини ободонлаштириш учун ўз иш ҳақларидан қиммат нархларда гул ва дарахт кўчатларини сотиб олишга мажбур қилинган.

Агар топшириқ бажарилмаса ёки бажаришни хоҳламаган ходимлар бўлса, ишдан бўшатиш билан қўрқитишган.

Энди айтинг, шунча ислоҳотлар амалга оширилаётган бир даврда ўқитувчи, шифокорлар қачон ўз устида ишлайдию қачон ўзи ишлаётган марказда шу ислоҳотларни амалга оширади? Кўчага олиб чиқиб ишлатгани етмагандек, гул ва дархт кўчаларининг устига пул қўйиб, уни бюджет ташкилотлари ходимларини олишга зўрлагани-чи?!

Худди шу каби Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги бочғалар ходимлари ҳам шаҳардаги қабристонларни ободонлаштиришга мунтазам жалб этиб келинмоқда.

Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги мактабгача таълим муассасалари ходимлари эса ўз ҳисобларидан зарур воситаларни сотиб олиб, янги қурилган кўп қаватли уйларни тозалашга жалб қилинган.

Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Фарғона вилоятларида ҳам мактабагача таълим муассасалари ходимларидан ободонлаштиришга ишчи кучи ёллаш мақсадида пул йиғилаётгани бўйича вазирликка бир неча маротаба мурожаатлар бўлган".