Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Атрофлича таҳлил. Ўзбекистон ташқи сиёсатида Афғонистоннинг ўрни ва иккинчи Тошкент тинчлик жараёни (иккинчи қисм)
18.04.2018 09:56,  
132

Президент Мирзиёев айтганидек: “Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги воқеалар (2010 йилда бошланган “Араб Баҳори”, 2011 йилдан учқунлаган Сурия уруши, 2013 йилда Ироқ ва Сурияда ИШИДнинг ўртага чиқиши – муаллиф изоҳи) оқибатида Афғонистондаги вазият маълум бир вақт давомида халқаро сиёсат эътиборидан четда қолди. Аммо бунининг натижасида мазкур можаро ўз кескинлиги ва жиддийлигини йўқотгани йўқ.”  Аксинча сўнгги йилларда Яқин Шарқдаги ИШИД ва бошқа терорчи гуруҳларнинг Афғонистонга кўчиб ўтиши ёки қайтиши натижасида Афғон можароси янада чигаллашиб бораётир. Шу боис ҳам халқаро ҳамжамият мамлакатдаги муаммоларга кўпроқ эътибор бериши керак бўлади. 

Афғонистон 2010 йилдан бери халқаро сиёсат диққат марказидан бироз четда қолган бўлса-да, ўтган давр мобайнида        Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган бир қатор халқаро миқёсдаги музокара жараёнлари юритилди. “ШҲТ-Афғонистон” мулоқот гуруҳи (2005 йилдан бери ҳар йили бир марта тўпланади), Халқаро мулоқот гуруҳу (2009 йилдан бери ҳар йили 3-4 марта йиғилиш ўтказади), “Осиё юраги” номли Истанбул жараёни (2011), Москва тинчлик ташаббуси (2016-17) ва Қобул жараёни (2017-18) шулар жумласидандир. Ҳозирча ҳеч бир жараёндан кўзланган мақсадга эришилган эмас. Ҳар бир жараён аввалги музокараларда кўтарилган масалалар ва берилган ваъдаларни такрорлаб келди. Амалда эса деярли кўп нарса ўзгаришсиз қолмоқда.
Мустақиллигимизнинг илк йилларидан бери Ўзбекистон ҳар доим Афғон можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори бўлди.

Бунга қўшимча тарзда, президент Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистоннинг Афғонистондаги тинчлик масаласи ҳақидаги янгиланган мавқейини эълон қилгди. Унга кўра: “Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли - марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш,” деб белгиланди.  Жорий йилнинг феврал ойида Афғонистонда ташкиллаштирилган 2-Қобул жараёнида президентимиз илгари сурган “шартсиз мулоқот” фикрига ўхшаш таклиф ўртага қўйилди. Лекин бундан ҳам бир натижа чиқмади. 

2018 йилнинг 26-27 март кунлари Тошкент  шаҳрида Ўзбекистоннинг янгиланган ёндашуви доирасида Афғонистонга бағишланган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Афғонистон президентлари, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили, Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия, Хитой, Япония, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Туркия, Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Марказий Осиё давлатлари ташқи сиёсат ҳамкамалари раҳбарлари қатнашди.  Тошкент конференцияси аввалги анжуманларнинг узвий давоми бўлиши билан бирга Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни “шартсиз” таъминлашга алоҳида урғу бергани билан ажралиб турди. 

Шу ўринда Тошкент конференциясидан кўзланган мақсад(лар) ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Тошкент конференсиясининг асосий мақсади – Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун замин яратишдан иборат эканини таъкидлади.  Сиёсатшунос Камоллидин Раббимов фикрига кўра, Мирзиёев ҳукумати Тошкент конференцияси орқали Ўзбекистоннинг геосиёсий қудратини, аҳамиятини янгилаш, бундан кейин нафақат Марказий Осиёдаги, қолаверса Афғонистондаги жараёнларга ҳам анча фаол иштирок этиш ниятида эканлигини намойиш қилди.  Бир сўз билан айтганда Ўзбекистон аввалги ҳукумат даврида шаклланган “ёпиқ ва пассив” ташқи сиёсатни тарк этиб, янгича, минтақавий даражада “очиқ ва фаол” ташқи сиёсат бошлаганини кўрсатди. Тошкент конференсияси доимий музокара майдонини яратолса, Мирзиёев бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро майдондаги обрўйини ошириши табиий.

Афсуски, Афғонистон ҳудудининг камида 45 фоизини ўз назорати остида тутиб, 70 фоизида у ёки бу шаклда ўз борлиғини кўрсатаётган Толибон ҳаракати Тошкент конференциясида иштирок этмади.  Маълумки, ҳозирги вазиятда Афғонистонда Толибон розилиги ва иштирокисиз тинчликка эришишнинг имкони йўқ. Лекин аввалроқ хорижий ва маҳаллий матбуот АҚШ расмийларига таянган ҳолда Толибон ҳаракатидаги баъзи гуруҳларнинг тинчлик конференциясига қизиқиш билдиргани ҳақида хабар қилганди.  27 март куни Тошкентда бўлган Би-Би-Cи Ўзбек хизмати мухбири эса Толибоннинг ушбу конференцияга қатнашиб-қатнашмаслиги ҳақида гуруҳ сўзчисига йўллаган ёзма сўровига ҳеч бир жавоб ололмаганини билдирди. 

Маълум бўлишича, Толибон ҳаракатида Тошкент тинчлик конференциясига қизиқиш бўлган. Тошкент ҳам Толибоннинг ушбу конференцияга қатнашишидан умид қилган. Лекин расмий таклиф олмагани учун Толибон ҳаракати мазкур анжуманга қатнашмади дейиш мумкин. Афғонистон Ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббонийнинг айтишича, расмий Қобул Толибонни конференцияга таклиф қилмаган. Ўзбекистон ҳукумати эса Афғонистоннинг қонуний ҳукумати билан икки томонлама алоқаларда низо чиқиши эҳтимоли туфайли тўғридан-тўғри Толибонни таклиф қилолмаган кўринади. 

Эслатиб ўтиш жоизки, 2-Қобул тинчлик музокаралари чоғида Афғонистон ҳукумати Толибон ҳаракатига қуролни ташлаб тинчликка рози бўлиши учун “мисли кўрилмаган таклифлар” берган эди.  Ўз ўрнида Толибон ҳаракати ҳукумат билан эмас, Вашингтон раҳбарияти билан тинчлик музокараси олиб бороши мумкинлигини айтиб, ҳукумат таклифларни рад этганди. Толибонга кўра, Афғонистон ҳукумати АҚШнинг “қўғирчоғи” бўлгани учун унга ишониб бўлмайди. Вашингтон эса Толибон билан музокара столига ўтиришни ўзига тенг кўрмайди. Ана шу ҳолатдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Толибон ҳаракати Тошкентга келган тақдирда ҳам Афғонистон ҳукумати билан музокара столига ўтиришдан бош тортиши мумкин эди. 

Тошкент тинчлик жараён давомида ва ундан кейин ҳам Толибоннинг сукут сақлаб туриши, тинчликка хайрихоҳлигининг бир аломати бўлиши мумкин. Шу маънода Толибон ҳаракати келгуси тинчлик музокараларида расман қатнашиши мумкин деб умид қилсак бўлади. 

Конференция якунида қабул қилинган Тошкент декларациясида Афғонистонда тинчлик ва миллий ярашувни таъминлашга, халқаро тероризм, наркотика савдоси ва уюшган жиноятчиликка қарши курашишга ҳамда минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида урғу берилди.  

Ҳужжатда афғонистонликларнинг ўзлари, ораларида келишган ҳолда тинчлик жараёнини юритиши, халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлови остида ва кенг қамровли тинчлик келишувига эришиш мақсадида ҳеч қандай шарт ва қуролли таҳдид қўлламаган ҳолда, Толибон билан ҳукумат ўртасида тўғридан-тўғри тинчлик музокаралари олиб борилиши зарурлиги таъкидланди. Декларацияга тараф давлатлар ва халқаро ташкилотлар (кейинг ўринларда “тарафлар”) Толибонни қўйилган таклифларни қабул қилишга ва Афғонистон ҳукумати билан бевосита музокаралар олиб боришга тайёрлигини расмий равишда эълон қилишга чақирди. Президент Мирзиёев декларацияда назарда тутилган таклифларга қўшимча тарзда, “Ўзбекистон ҳудудида тинчлик жараёнларининг исталган босқичида Афғонистон ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни ташкил этиш учун барча шароитларни яратиб беришга тайёр” эканлигини маълум қилди.  

Шунингдек, тарафлар Толибон ҳаракатини зўравонликдан воз кечишга, Ал-Қоида, ИШИД ва бошқа трансмиллий терорчи  тармоқлар (ТТТ) билан алоқаларини узишга даъват қилди.  Қизиғи шундаки, конференциядан кўп ўтмай Толибон ҳаракати Афғонистондаги ИШИДга қарши уруш эълон қилди. Толибоннинг бу қарорини Тошкент конференцияси билан боғлаш тўғри бўлмас. Лекин ҳаракатнинг бу одимини тинчлик жараёни сари олинган ижобий қарор деб баҳолаш мумкин. Таъкидлаш жоизки, Тошкентда илгари сурилган тинчлик ва ярашув жараёни Ал-Қоида, ИШИД, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ), Ҳаққоний Тармоғи ва бошқа ТТТларни ўз ичига олмайди.

Декларация барча мамлакатларни Афғонистонда хавфсизлик, барқарорлик ва фаровонликка эришиш учун Афғонистон суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга ва унинг ички ишларига аралашмасликка чақиради. Шунингдек, Афғонистонга жўнатиладиган барча турдаги хавфсизлик ёрдамларининг Афғонистон ҳукумати орқали етказилиши лозимлигини таъкидлайди. Тарафлар Афғонистонни беқарорлаштиришга, можарони узайтиришга хизмат қилувчи Толибон ва ИШИД аъзоларига ҳар қандай шаклдаги молиявий кўмак, моддий ёрдам ёки қурол берилишига қатъиян қарши эканликларини баён қилди.  Бундай чақириқлар 1999 йилда ўтказилган Тошкент тинчлик конференсияси ва бошқа халқаро анжуманларда ҳам жаранглаган эди. Лекин бугунгача кўпчилик бу чақириққа амал қилмай келмоқда. Бундан кейин ҳам ушбу чақириқ қоғозда қолиб кетишига деярли шубҳа йўқ.

Ниҳоят, декларацияда Афғонистоннинг Марказий ва Жанубий Осиё, қолаверса бутун Евросиё минтақаси билан иқтисодий интеграциясини таъминлаш борасида илгари сурилган мавжуд ва янги лойиҳалар қўллаб-қувватланиши таъкидланди. Афғонистоннинг минтақага иқтисодий интеграцияси Афғонистонда ва умуман минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга ёрдам бериши айтилди. Декларациядаги бу ифодалар 2011 йилда АҚШ ҳукумати томонидан илгари сурилган “Янги Ипак Йўли” (Тhe Nеw Silk Road) лойиҳасида кўзланган мақсадлар билан ҳамоҳанг эканлиги эътиборлидир. Мазкур лойиҳанинг расмий мақсади: Афғонистонни Марказий ва Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари билан интеграциялаштириш деб белгиланган. 

Декларацияда Афғонистонни, аввало, ён қўшнилари ва тўрт томонидаги яқин минтақалар билан боғлайдиган савдо-транзит, транспорт, энергетика, инфратузилма ва коммуникация лойиҳаларининг ўз вақтида амалга оширилиши минтақа аҳолисига сезиларли фойда келтириши, одамларнинг турмуш даражасини яхшилаши, тинчликни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар,  тероризм ва бошқа ноқонуний фаолиятларга қарши кураш жараёнини қўллаб-қувватлаши урғуланди.  

Айтиш мумкинки, Афғонистонда тинчлик ўрнатилса, Содиқ Сафоевнинг айтишича, Марказий Осиёдаги геосиёсий ва геоиқтисодий шароит батамом ўзгаради. Унинг фикрича, бу ҳолатда трансафғон йўлаги очилади ва Ўзбекистон учун энг яқин денгиз портига ҳозиргидай 22 кунда эмас, 2-3 кунда улашиш имкони пайдо бўлади. Сафоевнинг БМТ тадқиқотларига таяниб айтишича, қуруқлик ва ҳаво орқали юк ташиш харажатлари баланд бўлгани учун Ўзбекистоннинг импорт-экспорт амалиётларининнг ўртача нархи 15-20, бази ҳолларда эса 70 фоизгача ошади. Маълумки, Ўзбекистон денгизга чиқиши учун камида иккита давлат ҳудудидан ўтиши керак бўлган дунёдаги икки давлатдан биттасидир. Афғонистонда барқарорликнинг таъминланиши арзон денгиз йўлларидан камида 3 минг км. узоқликда жойлашган Ўзбекистонга катта миқдордаги маблағни тежаш ва ташқи савдони ривожлантириш имконини беради.  Президент Мирзиёев таъбири билан айтганда: “Афғонистон хавфсизлиги - бу Ўзбекистон хавфсизлиги, бутун бепоён Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси барқарорлиги ҳамда тараққиётининг гаровидир.” 

Умуман олганда декларация матни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласида Ўзбекистон ҳукумати илгари сурган устувор йўналишлар, таклиф ва ташаббусларга тўла мос келадиган форматда тайёрланган дейиш мумкин. 

Конференция давомида иштирокчи давлатлар вакиллари Афғонистон масаласида ўз расмий ёндашувлари ва таклифларини ўртага қўйди. Барча иштирокчилар Ўзбекистоннинг янгиланган мавқейини қўллаб-қувватлашларини билдирди. Германиянинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили ўз нутқида “Афғонистон учун ҳеч қандай ҳарбий ҳаракатларнинг кераги йўқ” деб баёнот берди.  Афтидан у АҚШнинг Афғонистонга қўшимча аскар жўнатиш ва кўпроқ ҳарбий чораларни қўллаш ҳақидаги қарорини танқид қилмоқчи бўлди. Европа Иттифоқи Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсатининг Олий вакили Федерика Могерини эса Толибон вакиллари тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаган тақдирда, уларни санкция қўлланилганлар рўйхатдан ўчириб ташлашга ваъда берди.  АҚШ давлат котиби Томас Шеннон ҳарбий ҳаракатлар иш бермаслигини, барча давлатлар бирлашиб, Афғонистон ҳукумати ва Толибонни музокара столига ўтиришга кўндириши кераклигини таъкидлади.  Россия ташқи ишлар вазири С. Лавров ҳам томонлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот йўли билан Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши тарафдори эканлигини билдирди. У шунингдек мазкур конференция доирасини янада кенгайтириш кераклигини айтди.  Бу билан у айнан нима демоқчи бўлганига ойдинлик киритмади.
Конференция давомида Афғонистонда тинчлик ўртанилишига умид уйғотувчи ижобий баёнотлар янграган бўлса-да, реал политикада бунинг тескариси кузатилаётганини, Афғонистонда аҳвол тобора ёмонлашиб бораётганини эслатиб ўтмоқчимиз. Конференцияда чиқиш қилган ШҲТ МАТТ директори Евгений Сисоевнинг маълум қилишича, Афғонистоннинг шимолий ҳудудларида 80 фоизи Россия, Марказий Осиё, Хитой ва бошқа давлатлардан чиққан “3 минг нафаргача терорчи йиғилган.”  Сисоевга кўра: “ИШИД тарафдорлари Марказий Осиё, Афғонистон, Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Бангладеш ҳудудларини ўз ичига олган Ҳуросон деб аталувчи давлатни қуриш ғоясига содиқ қолган.”  Сисоев, ушбу таҳдид ҳақида илк бор 2015 йил баёнот берган эди.  Афғонистон президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Муҳаммад Ҳаниф Атмар ҳам Ал-Қоида, ИШИД ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг маҳаллий, минтақавий ва глобал даражадаги дастурлари, режалари борлигини айтиб ўтганди.  Бошқа томондан Россия, АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари ва Хитой ўртасидаги ики томонлама, кўптомонлама, глобал ва минтақавий даражадаги муносабатларнинг кундан-кунга ёмонлашиб, “совуқ уруш”га ўхшаб бораётгани Афғонистондаги тинчлик жараёнларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.   
 Кўпчилик мутахассислар ва ҳатто Толибон ҳам хорижий кучлар Афғонистонни батамом тарк этиб, афғонларни ўз ҳолига қўймагунча минтақада тинчлик бўлмасилигига ишора қилишган. Амалда эса АҚШ Афғонистонга қўшимча аскарлар жўнатиш ва узоқ муддат у ерда қолишга ҳаракат қилмоқда. АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича муовини Элис Уелс (Аlicе Wеlls)нинг айтишича, Оқ Уйнинг Марказий Осиёдаги манфаатлари ва стратегияси ўзгаришсиз қолмоқда ва америкаликлар Афғонистонда тинчлик ўрнатилгунга қадар у ерда қолишга бел боғлаган.  

Бошқа томондан Ироқ, Сурия ва дунёнинг турли “оловли нуқта”ларидаги ИШИД каби хорижий терорчи ташкилотлар Афғонистонга ёпирилиб келмоқда. Сўнгги пайтларда Россия ҳам Афғонистондаги Толибонни қурол-яроғ билан қўллаб-қувватлаётгани ва мамлакатдаги вазиятни издан чиқаришга “ҳисса қўшаётгани” даъво қилинмоқда.  Ўтган йили Суриянинг Раққа шаҳрида Би-Би-Cи телерадио компанияси АҚШ бошчилигидаги халқаро каолиция ва ИШИД терорчиларининг яширин ҳамкорлигини фош қилди.  Каолиция кучлари ИШИД вакилларининг оила аъзолари билан биргаликда автобус ва юк машиналарида Раққадан эсон-омон чиқиб кетишига йўл қўйгани тасвирланган видеолавҳа бутун дунёга намойиш қилинди. Покистон хавфсизлик хизмати ҳам Толибон ва Ал-Қоидадан ўз манфаатлари йўлида фойдалангани кўпчиликка маълум. Сурияда глобал ва минтақавий давлатлар ўз таъсири остидаги терорчи гуруҳлар воситасида рақибларига қарши курашаётгани рад этиб бўлмайдиган очиқ ҳақиқат.  Бу ҳолат Афғонистонда ҳам кузатилмоқда. 

Россия, АҚШ, Хитой каби глобал кучлар, Эрон, Ҳиндистон, Покистон ва Саудия Арабистони каби минтақавий ўйинчиларнинг ҳар бири Афғонистондаги тегишли гуруҳлардан аввало ўз мақсадларида фойдаланишига шубҳа йўқдир. Ғарблик мутахассислар “Россия ҳам Афғонистондаги Толибон ва ИШИД таҳдидидан Марказий Осиё давлатлари ва минтақадаги жараёнларни назорат қилишда фойдаланиши”ни такидлашган.  Шундай қилиб ташқи кучларнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ҳақидаги баландпарвоз баёнотларининг самимийлигига ишониш қийин. Шу боис ҳам, минтақавий ва глобал омилларга боғлиқ бўлган Афғонистондаги тероризм муаммосини ҳал қилишга Афғонистон давлатининг кучи етмайди. Афғонистон президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Муҳаммад Ҳаниф Атмар таъкидлаганидек, Афғонистон тероризмнинг манбаи эмас, Афғонистон терор мақсадлари учун жанг майдонига айлантирилган ўлкадир. Муҳаммад Ҳаниф Атмарга кўра: “Тероризмга қарши олиб борилган глобал ва минтақавий курашга қарамасдан, унинг моддий базаси,  қобилиятлари ва қарорлилиги ўсиб бормоқда. Бунинг сабаби шундаки, тероризм давлат ташқи сиёсати сифатида қўлланилмоқда. Давлатлар тероризмни дастаклашни тўхтатмаса,  уни енгиб бўлмайди.”

Шундай экан халқаро тероризм бир ёқли қилинмагунча Афғонистонда тинчликка эришиб бўлмаслиги кундай равшан. Қарийб 40 йилдан бери узлуксиз қонли тўқнашувларга саҳна бўлиб келаётган Афғон тупроғи ўз тарихи давомида қанчадан қанча “имперялар мозори”га айлангани сир эмас.  Буюк Британия ва Собиқ Иттифоқ бу “қурбонлар”нинг энг сўнггиларидир. Тўғри, Афғонистонни ишғол қилиш мумкин, бунинг ўрнаклари кўп, лекин бу диёрни назорат остида тутиб туриш деярли имконсиз эканлиги вақт синовидан ўтган ҳақиқатдир.  Дунё ҳамжамияти, айниқса глобал ва минтақавий кучлар бу ҳақиқатни қабул қилиши ва шунга кўра одим отиши лозим. Акси ҳолда Афғонистон дунёнинг битмаган яраси бўлиб қолаверади.

Шу маънода Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича олиб бораётган тинчликпарвар сиёсати ва илгари сураётган ташаббуслари бошқаларга ўрнак бўлиши мумкин. Энг муҳими, Ўзбекистон ҳеч қачон Афғонистон можаросига ҳарбий йўл билан аралашмаган, доим тинчлик ва ёрдам қўлини узатиб келган самимий ва ишончли қўшни ҳисобланади. Шу боис нафақат Афғонистондаги расмий ҳукумат, балки фарқли сиёсий кучлар ва Толибон каби қуролли мухолифат ҳам Ўзбекистонни беғараз яраштирувчи, Тошкент тинчлик жараёнини эса ўзаро мулоқот ва музокара учун ишончли майдон, деб қабул қилиши мумкин. Шундай экан Тошкент тинчлик жараёни давом эттирилиши керак. 

Отабек Омонқулов

Фойдаланилган манбалар рўйхати:

Akhilesh Pillalamarri, “Why Is Afghanistan the 'Graveyard of Empires'?”, The Diploat, 30 June 2017.

Amerika Ovozi, “AQSh: O'zbekiston o'zini isloh qilar ekan, sherik va do'stmiz”, 26-fevral 2018.

BBC O’zbek, “Yangi o’zbek hukumati O’zbekistonning geosiyosiy qudratini, ahamiyatini yangilamoqchi”, 26-mart 2018.

BBC O’zbek, “Атрофдаги ўзбеклар: Афғонистон, 2013.

BBC O’zbek, “Россия Афғонистон таҳдидини бўрттирмоқдами?”, 26 март 2018.

BBC O’zbek, “Содиқ Сафоев: Тошкент анжумани мақсади - Афғонистондаги тинчлик учун замин яратиш”, 26 март 2018.

BBC, “Afghanistan minerals fully mapped”, 18 July 2012.

BBC, “NATO signs deal to move Afghan equipment via Central Asia”, 4 June 2012.

Bill Roggio, Alexandra Gutowski, “LWJ Map Assessment: Taliban controls or contests 45% of Afghan districts”, Long War Journal, 26 September 2017.

Borhan Osman, “The Shadows of ‘Islamic State’ in Afghanistan: What threat does it hold?”, Afghanistan Analysts Network, 12 February 2015.

Boris Rojin, “Вилаят Хорасан”, 2015.

Carlos Coelho, Charles Recknagel, “Who’s Who in Syria’s Civil War? It’s Complicated”, Radio Free Europe/Radio Liberty, 2018.

Casey Garret Johnson, “The Rise and Stall of the Islamic State in Afghanistan”, The United States Institute of Peace, 3 November 2016, p.3.

David Trilling, “Northern Distribution Nightmare”, Foreign Policy, 6 December 2011.

Declaration of the Tashkent Conference on Afghanistan: Peace Process, Security Cooperation and Regional Connectivity, Tashkent, Republic of Uzbekistan, 27 March 2018.

Demir Azizov, “Uzbekistan, Afghanistan keen to boost trade turnover”, Trend News Agency, 25 January 2017.

Erkin Akhmadov, “NATO to Transfer Military Equipment from Afghanistan to Uzbekistan”, CACI Analyst, Vol. 15, No. 6, 20 March 2013, pp.23-25.

Farkhod Tolipov, “Uzbekistan reintroduces Afghanistan initiative at UNGA session”, CACI Analyst, Vol. 14, No. 22, 2012, pp.12-14.

Gerald F. Hyman, Afghanistan After the Drawdown: U.S. Civilian Engagement in Afghanistan Post-2014, Rowman & Littlefield Publishers, Lanham, 2014, p.31.

Ibrat Safo, “Afg’oniston bo’yicha anjuman qanday yakun topdi?BBC O’zbek, 27-mart 2018.

IWPR, “Uzbekistan Gives Afghans No Reason to Stay”, 25 November 2005.

Jahon Axborot Agentligi, “Афғон-ўзбек товар ишлаб чиқарувчиларининг кўргазма-ярмаркаси”, 27-mart 2018.

Kate Clark, “Elections 2014 (53): Ghani sworn in as Afghanistan’s new president”, Afghanistan Analysts Network, 30 September 2014,

Kun.uz, “Тошкент конференцияси олдидан: Афғон муаммоси тарихига бир назар”, 25-март 2018,

Kun.uz, “Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни кенгайтиради”, 25-март 2018.

Kylie Atwood, “U.S. says Russian support for Taliban hurts peace process in Afghanistan”, CBCNEWS, 21 March 2018.

Milton Bearden, “Afghanistan, Graveyard of Empires”, Foreign Affairs, November/December 2001.

Ministry of Defence of the Russian Federation, “Statement by National Security Advisor to the President of Afghanistan Mohammad Haneef ATMAR” IV Moscow Conference on International Security, 17 April 2015.

Ministry of Foreign Affairs of the Republic of Uzbekistan, “Cooperation of the Republic of Uzbekistan with Near East, Middle East and African countries”, 2018.

Natalya Khan, “Afghan communities in Uzbekistan”, Touraj Atabaki, Sanjyot Mehendale (Ed.), Central Asia and the Caucasus: Transnationalism and Diaspora, Routledge, London and New York, 2005. Pp.140-148.

NBCNEWS, “Taliban sending signs it is interested in Afghan peace talks, Mattis says”, 13 March 2018.

O`zbekiston Respublikasi Davlat statistika qo`mitasi, “O`zbekıston Respublıkasıda tashqı savdo statıstıkası”, 2018.

O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining rasmiy veb-sayti, “O‘zbekiston Prezidenti Shavkat Mirziyoyev BMT Bosh Assambleyasining 72-sessiyasida nutq so‘zladi”, 20-senyabr 2017.

Otabek Omonkulov, “Ukrayna ve Suriye Krizinin Orta Asya’ya Etkileri”, 2.Uluslararası Öğrenciler Sosyal Bilimler Kongresi Bildiri Kitabi, Necmettin Erbakan Üniversitesi, Konya, 29-30 Nisan 2016, s.689.

Quentin Sommerville, Riam Dalati, “Raqqa’s dirty secret”, BBC, 13 November 2017.

Seth G. Jones, In the Graveyard of Empires: America's War in Afghanistan, (e-book), W. W. Norton & Company, New York- London, 2009, p.12.

Seth G. Jones, In the Graveyard of Empires: America's War in Afghanistan, (e-book), W. W. Norton & Company, New York- London, 2009, pp.108-109.

Seth G. Jones, In the Graveyard of Empires: America's War in Afghanistan, (e-book), W. W. Norton & Company, New York- London, 2009, p.142.

Shoaib Sharifi, Louise Adamou, “Taliban threaten 70% of Afghanistan, BBC finds”, BBC, 31 January 2018.

Shuhrat Salamov, “Afg'oniston haqida mulohazalar II-bo'lim”, Kun.uz, 7-dekabr 2017.

Sputnik, “Мирзиёев Афғонистонга 25та автобус ва 3та трактор совға қилди”, 5-декабр 2017.

Stephen Tanner, Afghanistan: A Military History from Alexander the Great to the Fall of the Taliban, Da Capo Press, USA, 2002.

Sune Engel Rasmussen, “Russia accused of supplying Taliban as power shifts create strange bedfellows”, The Guardian, 22 October 2017.

The Central Statistics Organization of Islamic Republic of Afghanistan, “Annual trade”, 2018.

The Central Statistics Organization of Islamic Republic of Afghanistan, “Estimated Population of Afghanistan 2017-18”, April 2017.

Ulug‘bek Shonazarov, “Afg‘oniston bo‘yicha Toshkent konferensiyasi tinchlikka erishish borasidagi tashabbuslarning yangi yo‘nalishini boshlab beradi”, O’zA, 24-mart 2017.

UZ24, “Ўзбекистонлик тадқиқотчининг Афғонистонда нашр этилган ўзбек тили таълими ҳақидаги китоби муваффақиятли сотилмоқда”, 9 июл 2015.

UzDaily, “Afghanistan fibre optic cable connected to Uzbekistan”, 13 July 2009.

Xalq so’zi, “Yevgeniy Sisoyev: Afg‘onistonning shimoliy muzofotlaridagi vaziyat katta xavotir uyg‘otmoqda”, 27-mart 2018.

Zachary Laub, “Who’s Who in Syria’s Civil War”, Council on Foreign Relations, 28 April 2017.

Абу Бакр Ўрозов, “ЭКСКЛЮЗИВ ИНТЕРВЬЮ: Сергей Лавров: Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши тарафдоримиз”, ЎзА, 27 март 2018.

Антон Курилкин, “Ашраф Ғани Ўзбекистонда: хавфсизлик, экспорт ва совғалар”, Sputnik, 6-dekabr 2017.

Газета.uz, “AQSH toliblar bilan muzokaralarni boshlash uchun birlashishga chaqirdi”, 28 март 2018.

Газета.uz, “YeI-Tolibonga: “Muloqot va yarashish yo‘lini tanlang”, 27 март 2018.

Дилшода Раҳматова, “Ўзбекистон-Афғонистон қўшма корхоналари барпо этилади”, Sputnik, 5-dekabr 2017.

Ислом Каримов, Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак, Ўзбекистон нашриёти, Тошкент, 2002, s.129.

Ислом Каримов, Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак, Ўзбекистон нашриёти, Тошкент, 2002, ss.315-17.

РИА Новости, “ИГ усиливает позиции в Афганистане, где боевики хотят создать эмират”, 10 ноября 2015.

РИА Новости, “На севере Афганистана могут находиться до трех тысяч боевиков”, 27 мартa 2018.

Рустам Рашидов, “Афғонистон Марказий Осиё минтақаси доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва шерикчилик марказида”, ЎзА, 24 Март 2018.

Улуғбек Асроров, “Тошкент халқаро конференцияси бошланди”, ЎзА, 27 март 2018.

ЎзА, “Афғонистон учун ҳеч қандай ҳарбий ҳаракатларнинг кераги йўқ”, 27 март 2018.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан