Ҳазрати Имом масжидидан 40 минг долларга яқин маблағ ўғирлаб кетилди

19.04.2018 | Ўзбекистон | 4468

30 ёшли хусусий тадбиркор масжидга таҳорат олишга кирганида, таҳоратхонада қолдирган сумкасидан 40 минг АҚШ долларига яқин маблағи ўғирлаб кетилди.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида 2018 йил 6 апрелда хусусий тадбиркор, 1988 й.т. С.Мамасодиқов ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, шу йил 3 апрель куни соат тахминан 19.00 да, шаҳар ҳудудида жойлашган “Ҳазрати Имом” жоме масжидининг таҳоратхонасида ичида 38.740 АҚШ доллари бўлган барсеткасини унутиб қолдирганлиги ва бир оздан сўнг қайтиб келиб барсеткасини тополмаганлигини маълум қилган.

Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Бухоро вилояти Ғиждувон тумани Бобур кўчаси 9-уйда яшовчи, 1970 й.т. А.Кенжаев ва Тошкент шаҳар Учтепа тумани “Қозигузар” МФЙ Гулистон кўчаси 104-уйда яшовчи, 1962 й.т. Ғ.Нишоновлар содир этганликлари аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабарига кўра, ўғирликда айбланаётган фуқаролар қўлга олинганлар.