Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху олтита давлат ўз элчихонасини Қуддусга кўчиришга тайёр эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.
«Олтита мамлакат ўз элчихонасини Қуддусга кўчириш ҳақида биз билан жиддий гаплашганлигини хабар қилишдан мамнунман. Буни амалга оширганлиги учун Гватемалага раҳмат. Энди бошқалар ҳам ортингиздан эргашади», — деди у.
Аввалроқ Фаластин президенти Маҳмуд Аббос АҚШнинг Исроилдаги элчиси Дэвид Фридманни «итнинг ўғли» деб атаган эди.
АҚШ ва Фаластин ўртасидаги можаронинг кескинлашуви Америка президенти Дональд Трамп Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олишини эълон қилгандан сўнг юз берди. Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос Қўшма Штатларнинг Исроилдаги элчисини Иордан ғарбий соҳилидаги яҳудийлар турар-жойларини қўллаб-қувватлагани учун «ит боласи» деб атаганди.
Ғазода “Қайтишнинг буюк марши” деб номланган, Исроилга қарши намойишлар сериясининг кўп минг кишилик акцияси ўтмоқда. Акция фаластинликлар томонидан бир ҳафта аввал бошланган ва май ўрталаригача давом этишига ваъда берилган.
Исроил хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларда камида 32 фаластинлик ўлдирилди, тахминан 3,5 мингга яқини жабрланди.