“Малибу”нинг “шапкаси” қанча?

20.04.2018 | Блог | 6778

Бошиданоқ айтиб қўяйлик, таҳлилий мақола ёзишни режалаштирмадик. Аммо GM Uzbekistan компаниясининг харидорларга қаратилган турли ўртакашлардан сақланиш ҳақидаги расмий ахборотномасини кўргач, эски дард яна қичишга тушди. “Сизга автомобиль етказиб бериш учун шартнома расмийлаштиришда ёки унинг муддатларини тезлаштиришга ёрдам бериш ёки шу каби бошқа «хизмат»ларни таклиф қилаётган шахслар ваъдаларига ишонмасликка чақириб қоламиз. Автомобил етказиб бериш тўғрисидаги шартномалар фақатгина рўйҳатга олинган расмий мурожатлар (аризалар) асосида автоматик тарзда яратиладиган ягона электрон навбат бўйича амалга оширилади”, дейди компания мижозларнинг ғамини еган ҳолда.

Аммо турли “ўртакаш” ва “воситачи” кимсалар ўз-ўзидан пайдо бўляптими? Яширилган касални ижтимоий тармоқлардаги “иситмаси” ошкор этди. “Расмий ахборотнома” остида қолдирилган изоҳларни кўздан кечирамиз.

Анвар исмли сайт аъзоси “Ҳурматли GM ! Сизнинг монополиянгиз ҳақиқатан, жонга тегди! Агар фуқароларимизни автомобиль билан таъминлай олмасангиз нега монополияда сақлайсиз? 2017 йилнинг октябридан бери “Малибу 2”га навбатда турибман, навбат умуман сурилгани йўқ! Тўққизинчида эдим, шундайлигимча қолдим, апрель ўртасига етяпти!!! Агар аждаҳоча божлар бекор қилинганда бу пулга жон деб юқорироқ классдаги автомобиль сотиб олган бўлардим! Навбат ҳам бўлмасди... Нарх Америкадагидан 1,5 баравар қиммат, дунёда бунақаси йўқ”, дейди. Компания маъмури ундан узр сўраб муаммони ҳал қилишга ваъда берди.

Қуйида шунга ўхшаш муаммолардан яна бир неча киши шикоят қилган. Ўтган йилнинг декабрида, августида навбатга ёзилганлар ҳалига қадар автомобиль ололгани йўқ. 45 дақиқада автомобиль етказиб бериш ваъдаси ҳам бажарилмаяпти.

Қаҳрамон исмли фойдаланувчи ўзбек автомобили Россияда 1,5 баробар арзонлигидан ҳайратланди. “Например жентра фулл элегант стоит 10000$в авто салоне в Москве а у нас 15000$. Проста пипец. Молодцы GM”, дея истеҳзо қилди у.

Ягона электрон савдо портали тоза ишлаётганини ҳам шубҳа остига олишди. Аброр исмли фойдаланувчи “Шартнома шартига қаранг "60 иш куни" да етказиб берилади деган жавоб оласиз! Нима эмиш "бизда ягона портал"..! Ўша "ягона портал" маълумотлари чалкаш, бир кун 37 навбатдасиз 1 ҳафтадан кейин 39 навбатга “кўтарилган” бўласиз.... Автомашинани "тез" олиб чиқиб кетаётганлар қандай олаяпти десанг "исботи ва ҳамма маьлумотлари билан айтсангиз кўриб чиқамиз" эмиш”, деб ёзди.

Сайт аъзоларидан бири ўта мантиқли масалани кўндаланг қўйди: “Ким ўйлаб топган пули тўланган машинани бир неча кундан ёки ойдан кейин беришни?”.

Фойдаланувчиларнинг бири "Малибу"нинг шапкаси қанча?" дея савол берди.

Бундан ташқари Drivers Village автосалонида Россия бозори учун RAVON бренди остида 2017 йилда ишлаб чиқарилган автомашиналар 60 кун ичида етказиб бериш шарти билан таклиф этилмоқда (ҳаволани босинг). Ваҳоланки, ўтган йили ОАВ учун ташкил этилган махсус пресс-турда Россия ва умуман ташқи бозор учун ишлаб чиқарилган автомашиналар ички бозорда сотилмаслигини қатъий маълум қилинганди.

Ягона электрон навбат ташкил этилгач, харидорлар алдам-қалдам ишлар ва фирибгарликлар ортда қолди, дея суюнганди. Эрта суюнишган экан.

Балки, Сиз биларсиз: “Малибу”нинг “шапкаси” қанча?

carzone.uz