Туркия Марказий банки АҚШдаги олтин захираларини қайтариб олди

20.04.2018 | Жаҳон | 2879

Туркия Марказий банки 2017 йилда АҚШ Федерал захира тизимидан ўзининг 28,7 тонна олтин захирасини чиқариб олди. Банк ҳисоботидан маълум бўлишича, 2016 йил охирида Туркия МБнинг АҚШ Федерал захира тизимидаги олтин захираси 28,689 тоннани ташкил этган, 2017 йил охирига келиб эса бу рақам бўш бўлган.

Milliyet газетасининг хабар беришича, Туркия президенти Тойиб Эрдоғаннинг “валюта курсига босимдан қутулиш ва долларга қарши олтиндан фойдаланиш” чақириғига жавобан Туркиянинг йирик хусусий банклари ҳам хориждаги олтин захираларини қайтариб олган. Halk Bankası хорижда сақланаётган 29 тонна олтин захирасини Туркияга қайтарган. Нашр манбаларининг маълумотига кўра, мамлакатга хориждан жами 220 тонна олтин қайтарилган.

Шунингдек, Ziraat Bankası ва VakıfBank (мос равишда 57 ва 38 тонна) ҳам Буюк Британиядаги олтин захираларини қайтариб олиш бўйича иш бошлаган.

АҚШ ҳукумати Туркияда фаолияти тақиқланган Курдистон ишчи партияси билан алоқадор деб ҳисобланувчи Суриядаги курд кучларини қўллаб-қувватлаётгани боис Туркия ва АҚШ муносабатларига дарз кетган.

Шунингдек, ўтган йили мартда АҚШда ҳибсга олинган Туркиянинг Halkbank  банки бош директори ўринбосари Мехмет Хакан Атилла устидан бўлиб ўтаётган АҚШдаги суд ҳам Вашингтон-Анқара муносабатларига салбий таъсир кўрсатмоқда. У илгарироқ АҚШда қўлга олинган турк-форс бизнесмени Резо Зарраб билан ҳамкорликда молиявий қонунчиликни бузганликда айбланмоқда.