Берлинда бомба сабабли Ўзбекистон элчихонаси эвакуация қилинди

20.04.2018 | Жаҳон | 2889

Бугун, 20 апрель куни Берлин ҳокимияти Марказий вокзалдан топилган Иккинчи жаҳон уруши даврига оид бомба сабаб 800 метр радиусдаги 10 минг аҳолини эвакуация қилишга қарор қилди. Эвакуация вақтида яшаш учун жойи бўлмаганларга иккита махсус ётоқхона ташкил қилинган. Бу ҳақда РИА «Новости» ёзмоқда.

Хабарда айтилишича, бомба ҳукумат даҳасига яқин жойда топилган бўлиб, бир қанча идоралар ҳам эвакуация қилинади. Хусусан, Германия Иқтисодиёт вазирлиги, Германия Федерал разведка хизмати ва қисман Транспорт вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистон ва Индонезия элчихоналари шулар жумласидан.

20 апрель куни сапёрлар Иккинчи жаҳон уруши даврида Буюк Британия томонидан ташланган беш юз килограмли бомбани зарарсизлантириши керак бўлади. Зарарсизлантириш вақтида барча бинолар ёпиқ ва одамлар эвакуация қилинган бўлади.