Ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилади

21.04.2018 | Жамият | 2936

Ўзбекистонда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси ўтказилади.

Ҳужжатга кўра, 2019 йил 1 майгача мазкур фармон қабул қилинган вақтга қадар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойга, яъни ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи ушбу объектга ўз шахсий мулки каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилаётган шахсга эътироф этилади.

Бунда қуйидаги шартларга риоя қилиниши лозим. Ушбу ер участкаси (участканинг бир қисми) унга қонун ҳужжатларига мувофиқ турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмаган бўлиши керак.

Шунингдек, ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини бузмаётган бўлиши, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаслиги даркор.

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилмайдиган аниқ ҳолатлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича комиссиянинг тақдимномасига кўра туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан амалга оширилади. Ҳужжатга кўра. эътироф этиш энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир марталик йиғим тўлангандан кейин амалга оширилади.

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда мулкдорга у қурилган ер участкасига (участканинг бир қисмига) қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилиб, ортиқча қисми Солиқ кодексининг 121-моддасида назарда тутилган жарима солинмасдан захира ерларига олиб қўйилади.

Фармонда бир марталик акциянинг амал қилиш муддати тугагунга қадар судларга ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиб ташлаш бўйича даъво киритишни тўхтатиб турилишини таъминлаш (қонун ҳужжатларига асосан турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашган ер участкасида (участканинг бир қисмида) қурилган объектлар бундан мустасно) назарда тутилган.

Бундан ташқари, судларнинг турар жой сифатида фойдаланилаётган ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиб ташлаш тўғрисидаги кўриб чиқилаётган даъволар ҳамда ижро қилинмаган қарорлари бўйича белгиланган тартибда келишув битимлари тузилишини таъминлаш кўрсатилган.