Хоразм вилоятига янги ҳоким тайинланди

22.04.2018 | Ўзбекистон | 3863

21 апрель куни Хоразм вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирокида кечган йиғилишда ташкилий масала кўрилган. 2017 йилнинг 15 октябрида ИИВ раҳбарлигига ўтган Пўлат Бобожонов ўрнига вилоятга ҳоким бўлган Илгизар Матёқубович Собиров ўз аризасига кўра лавозимидан озод этилган.

Беруний тумани ҳокими Фарход Эрманов Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Маълумот учун, Фарход Эрманов 1958 йилда таваллуд топган. У 1995-1998 йилларда Амударё тумани ҳокими, 2004-2010 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири, 2010 йилдан буён Беруний тумани ҳокими лавозимларида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, Илгизар Собиров 17 апрель куни бош вазир раҳбарлигида мажбурий меҳнатга қарши ўтказилган йиғилиш вақтида бошқа бир қатор раҳбарлар қаторида қаттиқ танқид қилинганди.