Бюджет харажатларининг учдан бир қисми ижтимоий нафақага йўналтирилади

23.04.2018 | Иқтисод | 2433

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалалари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар беради «Халқ сўзи».

Қайд этилганидек, бугунги кунда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадларини шакллантириш механизмларини замонавий молиявий сиёсат концепциялари асосида такомиллаштириб бориш, жамғарма маблағларидан оқилона фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси вакиллари юқорида қайд этилган Қонуннинг 37-моддаси, яъни иш стажига қўшиб ҳисобланадиган меҳнат фаолияти турларини кўриб чиқиш масаласини илгари сурди.

Депутатлар ногиронлиги бўлган фарзандларни тарбиялаётган аёлларнинг иш стажига, болага қараган йилларини қўшиш таклифини билдирди.

Шунингдек, парламент аъзолари меҳнат миграцияси билан боғлиқ муаммолар, чунончи, хорижда ишлаётган фуқароларнинг пенсия ёшига етганда тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришдаги номувофиқликлар, бу бўйича юртимизда аниқ механизм мавжуд эмаслигига эътибор қаратди. Бунинг учун депутатлар фуқароларнинг пенсияга оид ҳуқуқларини амалга ошириш мақсадида ушбу йўналишда ҳукуматлараро келишувни кўриб чиқишни таклиф қилдилар.

Давра суҳбатида пенсия ва нафақалар тайинлаш учун аризаларни ҳисобга олишнинг электрон шаклига ўтиш, бунда қоғоз шаклидаги қайд этиш китобларини бекор қилиш, пенсия ва нафақаларни ўз вақтида молиялаштириш ҳамда ҳар ойнинг 27-санасига қадар тўлиқ етказиб бериш устидан доимий мониторинг олиб бориш ишлари юзасидан қизғин фикр алмашилди.

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти мутахассислари билан биргаликда мазкур соҳадаги халқаро тажриба ўрганилгани, бу тизимдаги қонунчилик базасини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Якунда соҳага ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, архивлар фаолиятини янада ривожлантириш, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигини камайтириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 3,3 миллион нафардан зиёд фуқаролар пенсия ва нафақа олади. 2017 йилда пенсия ва нафақа тўловлари учун жами 16,6 триллион сўмдан ортиқ маблағ молиялаштирилган бўлиб, бу давлат бюджети жами харажатларининг ўртача учдан бир қисмини ташкил этади.