"Ҳеч нарса қарсак билан бўлмайди": Мирзиёев яна бир нечта мансабдорларни ишдан олди

25.04.2018 | Ўзбекистон | 5232

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига қилган сафари давомида ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят ва туман ҳокимлари ва тегишли соҳалар мутасаддилари иштирокида йиғилиш ўтказди ва бир нечта мансабдорларни ишдан олди, деб хабар берди президент матбуот-хизмати. 

Хусусан, йиғилишда Хоразм вилояти ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Мақсуд Сапаев, Инвестициялар бўйича ўринбосари Темур Раҳмонов ҳамда Қўшкўпир тумани ҳокими Сардор Юсупов эгаллаб турган вазифасидан озод этилди. Бундан ташқари, сектор раҳбарларига, бир қанча мутасаддиларга интизомий жазо чоралари кўрилди ва уларга синов муддати берилди.

"Танқидий руҳда ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари вилоятда кейинги пайтда ижтимоий-иқтисодий ривожланишда кўплаб масалалар тўпланиб қолгани, муаммоларни ҳал этишда вилоят раҳбариятининг ишни бўшаштириб юборгани, вилоятнинг биринчи раҳбарида талабчанлик ва қатъият етишмаганини кўрсатиб ўтди. Шунингдек, вилоят, шаҳар ва туманлардаги секторларнинг ишлари ҳам қониқарсиз ташкил этилганини қайд этди", — дейилади хабарда.

Йиғилишда ҳеч нарса қарсак билан бўлмаслиги, ишдаги тартиб ва интизом юқори натижаларнинг қўлга киритилишида бирламчи омил бўлиши лозимлиги айтиб ўтилди.

Вилоятда кўплаб соҳаларда оқсоқликлар кузатилмоқда. Янги иш жойларини ташкил этиш, бюджетнинг даромадлар базасини кенгайтириш, вилоят экспорт салоҳиятини ошириш, боқиманда қарздорликни камайтириш, шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштириш ишларида жиддий қолоқликлар мавжудлиги, вилоятнинг туризм имкониятлари кенг бўлишига қарамасдан, ушбу соҳада ҳам кўплаб муаммолар тўпланиб қолганлиги таъкидланди.

Ишда йўл қўйган жиддий камчиликлари учун Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг 21 апрель куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида вилоят ҳокими Илгизар Собиров вазифасидан озод қилинган эди. Унинг ўрнига Фарҳод Эрманов вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганди.

"Барча ҳокимлар, идора ва ташкилотлар раҳбарлари уйғониши, ўзини қийнаши керак. Вилоятни ривожлантириш, одамларни рози қилиш ва уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш ҳар бир раҳбарнинг асосий вазифаси бўлиши керак", деб таъкидлади Мирзиёев.