Қўқонда нега ҳижобли ўқувчиларга тазйиқ ўтказиляпти?

26.04.2018 | Блог | 4032

Шу кунларда Қўқон шаҳридаги 41-ўрта мактабда ўқувчи қизларнинг ҳижоб ўрашларига тазйиқ ўтказилаётгани хабари тарқалди. Қўқондаги 41-сонли мактабга бориб директор Қодирова Гуллола Инъомовна билан суҳбатлашдик.

Директорнинг айтишича, 41-ўрта мактаб рус мактаби ҳисобланади (бу мактабга илинган плакатлардан ҳам маълум). Унда ўқувчилар Халқ таълими вазирлигининг 2012 йил 7 июндаги 177-сонли буйруғи билан тасдиқланган мактаб ички тартиб-қоидалари асосида ҳаракатланиши зарур.

- Рўмолини томоғи остидан ўрайдиган ўқувчи қизлар саноқли ўзи. Ман ҳам мусулмонман, аммо мактабнинг тасдиқланган ўз тартибқоидаси бор, уларга бўйсуниш керак. Ўтган йили бир диндор оиланинг фарзанди мактабга ҳам айтмасдан Ҳажга кетибди. Ман уларга айтаман – қизим мактабда қоида бўйича кийин, битирганинингдан кейин истаганингча ўранаверасан, дейман, - деди директор.

- Сиз шахсан ўзингиз ҳижоб ўраган қизларга қандай қарайсиз? Мактаб ички тартиб-қоидасида белгилаб қўйилгани учун уларга эътироз бўляптими? – деб сўрадим. Директор тартиб-қоидадан чекиниб бўлса ҳам рўмолни бошининг орқасидан ўраган (томоғи остидан эмас) қизларга мактабда тазйиқ йўқлигини, улар эркин юришини билдирди. Қўшимча қилиб мактабнинг ички тартиб-қоидаларидан бир нусха берди.

Қоидаларнинг “Ўқувчиларга белгиланган талаблар” қисмида “...ўқувчи қизларнинг сочлари текис турмакланган, калта юбка ва олди ҳаддан ташқари очиқ кўйлак киймаслик, таълим муассасаси ҳудудида бош кийимсиз ва пардозсиз юриш”, кўрсатилган эди. Калта юбка директорнинг изоҳига кўра, тизза баробар юбкани англатади.

Ўзбекистон  дунёвий демократик давлат ҳисобланади. Мактаб ўқувчилари ҳижоб ёки рўмол ўраши билан биринчи марта муаммо келиб чиқаётгани йўқ. «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддаси 5-бандида белгиланган қуйидаги норма ҳижобга оид кўплаб тушунмовчиликларга сабаб бўлиб келмоқда: “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди”. Гап шундаки, диний либос тушунчасига қонунчилигимизда аниқ бир таърифнинг ўзи йўқ (аслида Исломда ҳам “ибодат либоси” тушунчаси йўқ).

Рўмол ким учундир ибодат либоси бўлса, бошқа биров учун оддий урфий кийим саналади. Бу ҳол қонунни истаганча талқин этилиши ва ўзбошимчаликларга йўл очади. Бу хусусда sof.uz ўтган йили “Ўқувчи ва талабаларнинг рўмол ўрашини тақиқлаш қонунийми?” сарлавҳали мутахассис мақоласини эълон қилган эди.

Қуйида Ўзбекистон каби дунёвий давлатларда ҳижобли ўқувчи қизлар таҳсил олаётганлиги фотосуратлари келтирилган. Кўриниб турибдики, мактаб ўқувчиларининг кийими давлат хавфсизлиги ва тараққиётига бирор-бир салбий таъсир кўрсатаётгани йўқ.

Татаристонлик ўқувчи қизлар

Туркиялик ўқувчи қизлар

Индонезиялик ўқувчи қизлар

Малайзиялик ўқувчи қизлар

P.S. Хабар тайёрланаётганда Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Кун.уз сайти мухбирининг саволига муфтий Усмонхон Алимов “Исломда ибодат либоси деган термин йўқ”, дея жавоб берди. 

Ш. Исломов